Камолиддин Мурзоев: "Сурхон" клубига нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисида хат киритганмиз"
Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев клубларимиздаги низоли вазиятларни бартараф этишда бош-қош бўлиб хизмат қиляпти.
Ўйинчилардан қарздорлиги бор жамоалар билан муроса қилишда, масаланинг ечимини топишда Мурзоев кўпчиликка ёрдам кўрсатяпти. Бироқ ҳали яна ҳал қилиниши керак бўлган ишлар бор.
Айниқса, “Сурхон” жамоасининг ўтган йилги қарздорлиги ҳамон очиқ турибди. Клуб фақат сербиялик легионер Владимир Бубанья билан ҳисоб-китоб қилди. Лекин бу билан муаммо ёпилгани йўқ.
“Кутишнинг ҳам чегараси бор”
- Бу оғриқли нуқта. “Сурхон” клубини 2021 йилги мавсумда барча футболчи ва мураббийлардан бўлган қарздорликларни ёпиш тўғрисида февраль ойида ЎФАнинг футболчиларни ўтиш ва мақоми қўмитасининг қарори чиққан, - дея сўз бошлади Мурзоев. - Аммо “Сурхон”га янги келган раҳбариятнинг индаллосида қарздорликлар ўтган йилги раҳбарият томонидан ёпиб берилиши тўғрисида келишув бор, деб узоқ муддат чўзиб юрилди. Ундан кейин май ойида йиғилиш бўлиб ўтганида ҳам маҳаллий ўйинчилар олдидаги қарздорликларни ёпиш масаласи кўтарилган. Лекин шунга қарамасдан, ФИФА қарори чиққанидан сўнг, ўтган йилги қарздорликларни ёпишни истамаган “Сурхон” жамоаси Владимир Бубанья олдидаги қарзни узди. Чунки бу вазият санкцияларга олиб келиши мумкин эди. Бугунги кунда биз Ўзбекистон футбол ассоциациясига “Сурхон” клубига нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисида хат киритганмиз. Биринчидан, шартнома шартларини бажармаганлиги, иккинчидан, ЎФА қўмитаси қарорларини ҳурмат қилмаганлиги юзасидан. Албатта, ҳолатни кузатиб боряпмиз. Асосий масала ўтган йилги раҳбарият томонидан ёпиб берилиши айтилган. Лекин бугунги кунда ўзбекистонлик футболчи ва мураббийлар ЎФА ҳамда ПФЛ раҳбарларига ишонган ҳолда кутиб келишмоқда. Аммо кутишнинг ҳам чегараси бўлади.
“Футболда эски ёки янги раҳбарият деган тушунча ёт нарса”
- Бубаньяга шартномасида кўрсатилган пулларни тўлиқ тўлаб беришган. Футболчи жамоадан кетгач, йил охиригача бўлган барча қарзларни ёпишган. Ўзбек футболчилари ФИФАга хат ёза олишмайди. Бунга сабаб ҳар бир ассоциация бундай масалаларни ички низо сифатида кўриб чиқиб, ўзлари ҳал қилиши белгиланган. Ассоциацияга киритган хатимизда шу нарсани ҳам таъкидлаб ўтганмизки, “Сурхон” клуби санкциялардан қўрққан ҳолда ФИФА қарорини ЎФА қарорларидан устунроқ кўриб, Бубанья олдидаги қарзларни ёпишга киришди. Футболда эски ёки янги раҳбарият деган тушунчалар ёт нарса. “Сурхон” клуби бугунги кунда футболчи ва мураббийлар олдида қарздор. Тўғриси, кутяпмиз. Кутаётганимизга ҳам анча бўлиб кетди. Футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам деярли ҳар куни қўнғироқ қилишяпти. Улар кутиш сўзидан чарчаган. Бугунги кунгача бизга келиб тушган шикоятлар 24 нафар футболчи ва 5-10 та мураббийлардан бўлиб, айнан ўшалардан “Сурхон”нинг қарзи мавжуд.
“Сўғдиёна” Ғофуров билан шартнома имзолади”
- “Нефтчи” клуби билан Ҳусниддин Ғофуров ўртасидаги масалага келсак, бу футболда учраб турадиган ҳолат. Шартномани ўзаро келишиб бекор қилиш эса ҳар икки томонга ҳам маъқул бўлади. “Нефтчи” билан Ғофуров келишган ҳолда шартномани бекор қилдилар. Шундан кейин “Сўғдиёна” Ғофуровни ўз таркибига қўшиб олиш бўйича футболчи билан келишувга эришди ва шартнома имзоланди. ОФК Кубогида иштирок этиш масаласига тўхталсак, Ҳусниддин Ғофуров бу рўйхатга киритилган. ОФК Кубоги қатнашчилар талабида келтирилган бандда мусобақа турнирининг гуруҳ босқичи бошланишидан 7 кун олдин ҳам футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ва олдиндан берилган рўйхатдан яна 8 ўйинчини алмаштириш имконияти мавжудлиги кўрсатилган. Шу сабабли Ҳусниддин Ғофуровни ҳам ОФК Кубогида қатнашиш имконияти катта. Лекин Ўзбекистон чемпионатида биринчи давра якунига қадар “Сўғдиёна” таркибида ўйнай олмайди.
“Клубларимизда олдингига нисбатан ижобий ўзгаришлар бор”
- “Бухоро” клуби ўтган йилги қарздорликларни тўлиқлигича ёпиб берди. “Андижон” ҳам график асосида қарзларини ёпиб келмоқда. Биз ПФЛ, ЎФА ва клублар билан ҳамкорликда қарздорликни ёпиш мақсадида жамоаларга енгиллик бўлиши учун графиклар асосида тўлашга ҳам эришиляпти. Клубларимизда олдингига нисбатан ижобий ўзгаришлар бор.
Фикрлар