Канчельскис Андижонда ёхуд "Ҳоким Кубоги" ҳақида
Ҳа, ўша сиз яхши билган ва таниган таниқли Андрей Канчельскис айни дамда Андижонда бўлиб турибди. Хабарингиз бўлса керак, яқинда россиялик мутахассис Қирғизистонда иш бошлади. Аниқроғи, “Мурас Юнайтед” жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Айнан унинг бошчилигидаги клуб эса Андижонда бошланган “Ҳоким Кубоги” мусобақасида иштирок этаётганини таъкидлаш даркор. Мухисларга яхши таниш бўлган футболчи Иван Соловьёв ҳам "Мурас Юнайетд" билан бирга мусобақада қатнашяпти. Бунгача Канчельскис ва Соловьёв "Навбаҳор"да ҳам бирга ишлашгани ёдингизда бўлса керак.
Шу ўринда икки оғиз “Ҳоким Кубоги” ҳақида. Ҳар йили қишда бундай турнирлар ташкил этилиши одат тусига айлангани шубҳасиз. Айниқса, Фарғонада “Ҳоким Кубоги” анъанавий тарзда ўтказиб келинарди. Бироқ бу йил ушбу мусобақа ўтказилмади. Биздаги маълумотларга қараганда, иштирокчи клублар етарли бўлмаган. Бу ёқда эса Андижонда “Ҳоким Кубоги” мусобақаси муваффақиятли тарзда амалга оширилаётгани эътиборга молик. Боз устига унга қўшни Қирғизистондан, айниқса, Канчельскис ва унинг жамоасининг иштирок этаётгани мусобақага бўлган қизиқиш ҳамда эътиборни сезиларли даражада оширди. Аслида ҳар йили Андижонда "Ҳоким Кубоги" анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Бу сафаргиси эса анча бошқача ўтмоқда.
Турнирда жами 11 та жамоа иштирок этяпти. Шундан учтаси Қирғизистондан. Булар – чемпионат иштирокчилари - “Мурас Юнайтед” ҳамда “Талант”, шунингдек, “Барса академия” жамоаларидир. Ўзимиздан эса “Андижон” U-21, “Навбаҳор” U-21, “Нефтчи” U-21, Андижон футбол академияси (иккита таркиб билан), Андижон вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактаби, Фарғона футбол академияси ҳамда “Уз Тонг Хонг Ко” жамоалари қатнашмоқда.
Турнир 13 февралда бошланди ва 20 февралгача давом этади. Ҳал қилувчи финал ўйини эса “Бобур Арена”да ўтказилади. Гуруҳ беллашувлари футбол академияси ҳамда БЎФМ майдонларида бўлиб ўтмоқда. Жамоалар “А” ва “В” гуруҳларига ажратилган. “Уз Тонг Хонг Ко”, “Андижон” U-21, “Мурас Юнайтед”, “Андижон ФА-1” ва “Фарғона ФА” жамоалари “А” гуриҳидан жой олишган. “Нефтчи” U-21, “Андижон ФА-2”, “Талант”, “Навбаҳор” U-21, “Андижон ВБЎФМ” ҳамда “Барса академияси” жамоалари эса “В” гуруҳидан ўрин олишди.
Бугун мусобақанинг 3-тур ўйинлари якунига етди. Ҳозирча ўз гуруҳларида “Уз Тонг Хонг Ко” ҳамда “Нефтчи” U-21 пешқадам бўлиб туришибди. Канчельскис жамоаси эса ҳозирча иккита ўйинда майдонга тушиб, бир ғалаба ва бир дуранг қайд этди.
Андижондаги “Ҳоким Кубоги” мусобақаси юқори даражада ташкиллаштирилаётгани ҳам эътиборга молик. Ҳар бир учрашувлар эса жонли тарзда Ютуб тармоғи орқали эфирга узатиляпти. Қизғин давом этаётган турнирнинг якуни ҳам шунга яраша ўтиши шубҳасиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар