Каноэда эшкак эшиш. Самарқанддаги Жаҳон чемпионатида антиқа вазият рўй берди

Россиялик Захар Петров Самарқандда ўтаётган жаҳон чемпионатида 500 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича чемпионликни қўлга киритди.

Петров бутун пойга давомида пешқадамлик қилди. Бироқ, маррага яқинлаш пайтида каноэси ағдарилиб кетди ва спортчининг ўзи сувга қулаб тушди. Якунда эса, спортчи шундай ҳолатда финиш чизиғини кесиб ўтди.

Қизиқ жиҳати шундаки, ҳакамлар Петровни пойгани якунига етказа олмади деб таъкидлаб, олтин медални молдовалик Сергей Тарновскийга топшириб юборди.

Бироқ, россияликлар делегацияси ҳакамлар қарорига нисбатан расман норозилик тақдим этди. Халқаро эшкак эшиш федерацияси эса, шикоятни асосли деб топди ва олтин медални Петровга қайтарди. У шоҳсупанинг энг юқори ўрнини эгаллаши учун 1.47 сония вақт керак бўлди.

Захар Петров 2002 йил Россиянинг Рязань вилоятида туғилган. Юртимизда ўтаётган Жаҳон чемпионатидан аввал 2024 йилнинг бошида Венгриянинг Сегед шағрида ўтказилган Европа чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. Самарқандда ўтаётган мусобақада эса, шунингдек, 1 км масофага Иван Дмитриев билан жуфтликда ҳам олтин медални қўлга киритди.

 

Эслатиб ўтамиз, бу галги Жаҳон чемпионатида россияликлар бетараф мақомда иштирок этмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!