Каратэ. Осиё чемпионатини 17 та медаль билан якунладик
Маълум қилганимиздек, пойтахтимизда каратэ WKF бўйича қитъа биринчилиги бўлиб ўтмоқда. Бугун спортчиларимиз жамоавий йўналишда медаллар учун кураш олиб боришди.
Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Малайзияга қарши 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан беллашувларни бошлаган каратэчиларимиз кейинчалик Камбоджадан 3:0 ҳисобида устун келишди. Бироқ чорак финалда Эронга 0:2 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Шундан сўнг бронза медали йўлида татамига чиққан ҳамюртларимиз дастлаб Туркманистонни 3:0, ҳал қилувчи босқичда эса Саудия Арабистонини 3:2 ҳисобида доғда қолдиришди.
Афсуски, биринчи беллашувдаёқ Эронга рўбарў келган қизларимиз 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, медаллар учун курашни эрта тарк этишди.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси учун мазкур мусобақа якунланди. Эртанги дастурда кумитэ йўналишида фақат финал жанглари бўлиб ўтади. Ҳамюртларимиз ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида кечаётган ушбу мусобақада жами 2 та олтин, 4 та кумуш ва 11 та бронза медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлишди.
Фикрлар