Карлсен: “Нодирбек Абдусатторов сўнгги топ-турнирлардаги энг яхши ўйинчи”
Швециянинг Мальмё шаҳрида ўтказилаётган нуфузли ёпиқ классик турнир — “ТеPe Sigeman”да дунёнинг кучли гроссмейстерлари ўзаро баҳс олиб бормоқда.
2-турда Магнус Карлсен Нилс Гранделиусни мағлуб этди. Учрашувдан сўнг Карлсен ғалаба ҳақида интервью бериб, Нодирбек Абдусатторов ҳақида ҳам фикр билдирди.
— Магнус, бугун сиз Бенони дебютда ўйнадингиз. Сиз бу очилишни таxtада унчалик кўп ишлатмагансиз. Мен 2000-йилда Аскер шахмат клубида Питер Лундга қарши ўйнаган партиянгизни топдим. Эслайсизми?
— Ҳа, эслайман. У ўша пайтда “тўрт пиёда ҳужуми” билан ўйнаган. Қизиқ воқеа — Питер Лунд ҳозир нима қилаётганини билмайман, лекин ўша пайтда у нафақада бўлиб, таксичилик қиларди шекилли. Ота-онам мени ҳар доим ҳам шахмат клубига олиб бориш ёки қайтариб олишга улгурмасди, баъзан партиялар кеч тугарди. Шунда у мени баъзан олиб бориб-келиб қўярди. У ўша партияда бир пайтлар ютув турган позицияга эга бўлгани учун жуда хурсанд бўлганини эслайман. Ҳа, бу жуда узоқ вақт олдин эди. Кейин икки йил олдин Генкда Винсент Каймерга қарши ўйин бўлган. Умуман олганда эса кам, ҳар бир неча йилда бир марта.
— Бугун бу дебютга қандай келдингиз?
— Сўнгги пайтларда Нилс d4 ўйнаётганини кўриб бироз ҳайрон бўлдим. Кечаги бошқа партиялар қандай кетганига қараб, мен бошидан фаол ўйнаш керак деб қарор қилдим. Яхшиямки, Нилс чекинмайдиган ўйинчи. Шунинг учун бошидан кучли кураш бошланди, бу мен учун жуда ёқимли бўлди.
— Унинг қаерда хато қилган деб ўйлайсиз?
— Менимча, эрта f4 юриши хато эди. Агар бу юришни тез асослаб бермаса, у позицион жиҳатдан шубҳали бўлиб қолади. Лекин кейин у жуда яхши курашди. Ҳатто тактик тўқнашувларда ҳам яхши ҳимояланди. Аммо бунинг учун жуда кўп вақт сарфлади ва айнан шу уни қийин аҳволга солди.
— Эртага Нодирбек Абдусатторовга қарши катта партия бор. Унга қандай тайёрланяпсиз?
— Бугунги ғалабадан кейин бу ўйинга кириш жуда ёқимли. Мен орқада камида бир очко қолиб кетаман деб ўйлагандим. Энди эса эҳтимол тенг бўламиз. Шунинг учун ўйин жуда қизиқ бўлади. У, эҳтимол, сўнгги топ-турнирларда энг яхши формадаги ўйинчи. Албатта, ўз ватандоши Жавоҳир Синдоров билан кучли рақобатда. Бу жуда, жуда қийин синов бўлади.

Фикрлар