Касалликка бардош берган мураббийлар (Эркинжон Ғайбуллаев блоги)
Ёзда “Болонья” мураббийи Синиша Михайлович лекемия билан оғригани ҳақида хабар берилган эди.
Оғриқ кучлилиги 50 ёшли мураббийни докторга мурожаат қилишга ва касалхонада ётишга мажбур қилди. Кўпчилик нашрлар мураббийнинг фаолиятини якунлаши ҳақида ёза бошлади. Аммо ундай бўлмади. Синиша чиқиш қилиб, нафақат касаллик билан курашишини, балки завқ олиб келадиган ишини ташламаслигини айтди.
Ҳозиргача Михайлович 3 марта кимётерапия курсини ўтказди ва анализлари яхши чиқишига ва бутунлай тузалиб кетишига умид боғлаяпти. Италиялик мухлислар ҳам унинг тузалишини ва қайтишини интизорлик билан кутишмоқда.
Сизнинг эътиборингизга касалликка бардош берган ҳолда футболни биринчи ўринга қўйган мураббийлар ҳақидаги мақолани тақдим этамиз.
Оскар Табарес
72 ёшли уругвайлик мутахассис 2016 йилдан бери Гиене-Барре синдроми деб номланадиган неврологик касалликдан қийналади. Бу синдром мураббийнинг активлигига таъсир кўрсатяпти ва жисмоний ҳолсизликни келтириб чиқаряпти. Бу синдромга чалинганлар фалаж бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шунга қарамасдан Табарес мураббийлик фаолиятини давом эттиряпти. У ҳали ҳам Уругвай терма жамоаси мураббийи.
“Мен физиотерапевтлар буюрган бир қанча машқларни кун давомида бажараман. Организмим кўтарганча шифокорлар кўригидан ўтаман. Барчаси мен дунёдан ва футболдан кетишни истамаганим учун. Шундай кунларим бўладики, мен ўзимни жудаям яхши ҳис қиламан, шундай кунлар бўладики, оғриқ ўз сўзини айтади. Ҳар қандай вазиятда ҳам мен бу касаллик мени енгишига йўқ қўймайман”
Хоакин Капаррос
Шу йилнинг апрел ойида 64 ёшли испан мураббийи унда лейкемиянинг сурункали формаси мавжуд эканлигини тан олди. Шундай бўлишига қарамасдан у “Севилья”ни бошқарди ва мавсумни 5-ўринда якунлади. Ёз ойида эса мураббийлик постини тарк этди ва энди бошқа жамоалардан таклиф кутяпти. У мураббийлик фаолиятини якунламоқчи эмас.
“Менда сурункали лейкемия бор. Мен нормал ҳаёт кечиришни истайман ва ўз ишимдан завқ олишни ҳам. Мен даволанмадим. Жамоа мени фаолиятимни давом эттиришга рухсат бераётганидан хурсандман” – деган эди май ойида Капаррос.
Эуген Нягу
2019 йилнинг июл ойида Руминия чемпионатида нохуш ҳолат юз берди. “Динамо” ва “Университат” жамоалари ўртасидаги баҳсда пойтахт жамоаси мураббийи эуген Нягу ўзини ёмон ҳис қилди. Шифокорлар зудлик билан унга ёрдам кўрсатишди ва аниқ бўлдики, мураббийда юрак билан боғлиқ жиддий муаммо бор. Мураббий ўйин пайтини ўзида юрак хуружига учраганди. Шу воқеадан кейин у мураббийлик постидан кетишга мажбур бўлди.
52 ёшли мураббий шифохонадан тез чиқди. Яна футболга қайтди ва ҳозирда Руминиянинг “Германштадт” жамоасини бошқаряпти.
Эдуардо Бериссо
2017 йилнинг 22-ноябрида “Севилья” жамоаси бош мураббий эдуардо Бериссога рак ташхиси қўйилгани ҳақида хабар берди. Бир ҳафтадан кейин мураббийни оператсия қилишди, 3 ҳафтадан кейин эса қониқарсиз натижалар туфайли жамоа мураббийни истеъфога чиқарди. Бериссо даволанди. Ўз соғлиғига эътиборни кучайтирди. 2018 йилнинг мартида эса журналистлар олдида чиқиш қилиб, мураббийлик фаолиятини давом эттириши мумкинлиги ҳақида гапирди.
“Мен касалликни енгдим. У энди ўтмиш. Энди эса мураббийлик фаолиятимни давом эттиришни истайман.” – деди Бериссо.
Ўтган йилнинг май ойида Бериссо “Атлетик” жамоасида иш бошлади. Лекин йил охирида истеъфога чиқарилди. Кейинчалик эса 2019 йилнинг феврал ойида Прагвай терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди.
***
Бу мураббийлар касалликни енгиб ўта олган, охиригача курашган инсонлар. Шундай мураббийлар борки, ўз умрининг сўнгги дақиқаларини ҳам мураббийлик постида ўтказган. Энди шу мураббийларни ёдга оламиз.
Клас Ингессон
Швеция терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси, терма жамоа билан Евро-1992 бронза медали соҳиби 2001 йилда ўз фаолиятини якунлади. 8 йил ўтгач, Ингессонга Миелом касаллиги ташхиси қўйилди. Класс касаллик билан курашди, уни енгиб чиқадигандек кўринди. 2010 йилнинг декабрида Ингессон “Эльфсборг”нинг ёшлар жамоасида мураббий сифатида иш бошлади. 2 йилдан сўнг эса асосий жамоага ўтди.
2013 йилда эса мураббий касаллик яна қўзғагани ҳақида гапириб ўтди. Шифокорлар у оператсия қилиниши кераклигини айтишди. 2014 йил 29-октабрда эса мураббий ҳаётдан кўз юмди…
Тито Виланова
Кўп йиллар давомида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган Тито Виланова 2012/2013 йилги мавсумда “Барселона” жамоаси бош мураббийига айланди.Ўша мавсумда нашрлар мураббий касаллик билан олишаётгани ҳақида ёзишни бошлашди. Ўша мавсумда жамоа чемпионликка эришган бўлса-да, Тито соғлиғидаги муаммолар туфайли истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
2014-йил 25-апрелда Виланова ҳаётдан кўз юмгани маълум бўлди. Тито 45 ёшда эди ва “Барселона” унинг ҳурмати учун машғулотлар бош майдонини унинг номига ўзгартиришди.
Фикрлар