"Катанецнинг гапи мени ранжитди" - Жамшид Искандеров соврин қўлга киритгани, "Навбаҳор"даги тақдири ва терма жамоа ҳақида
Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши футболчиси деб топилган катта иқтидор эгаси Жамшид Искандеров ушбу номни муносиб тарзда қўлга киритди.
Якунига етган чемпионатни “Навбаҳор” сафида ўтказган ярим ҳимоячи жамоасининг ҳақиқий етакчисига айланди. Бир-биридан чиройли голлар муаллифи ҳам бўлди. Лекин Жамшидни ҳали ҳамон миллий терма жамоага чақирилмаётгани кўпчиликни ҳайрон қолдиряпти.
Шубҳасиз, у терма жамоага муносиб. Sports.uz журналисти энг яхшиларни тақдирлаш маросимидан кейин Искандеров билан суҳбатлашди.
- Жамшид, Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши футболчиси деб эътироф этилганингиз билан табриклаймиз. Бу ҳолатни кутгандингиз-а?
- Табрик учун раҳмат. Тўғрисини айтсам, қанақадир соврин ютаман деб яхши ниятда келгандим. Чунки, Худога шукрки, бу йил ёмон бўлмади. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ушбу совринни ютдим. Бундан жуда хурсандман. Бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга ва дуо қилиб турганларга раҳмат.
- “Навбаҳор”га келиб ҳар томонлама ишончни оқладингиз. Клуб Осиё Чемпионлар лигасига чиқди. Кумуш медални қўлга киритди ва Ўзбекистон Кубоги финалигача чиқди. Бундай муваффақиятларда ҳиссангиз катта бўлди. Шундай экан, Намангандаги фаолиятингиздан қониқдингизми ёки...
- Мен жамоамиз билан Ўзбекистон чемпиони бўлишни ёки Кубокни ютишни хоҳлардим. Бу ютуқ ўша совринларни олдида ҳеч нарса эмас. Ушбу ютуқ мен учун муҳимроқ эди. Жамоа билан вилоят ҳокимини, халқни хурсанд қилиш ниятимиз бор эди. Насиб қилмаган экан, кейинги йилга ҳаракат қиламиз.
- Ҳаммани қизиқтираётган савол: Жамшид Искандеров келаси йили қаерда ўйнайди?
- Тўғрисини айтсам, ҳали бир қарорга келмадим.
- Сизга четдан ҳам яхши таклифлар бор-а?
- Ҳа, бор. Гаплашиб турибмиз. Яқин кунларда, ҳафталарда ёки ойларда ҳал бўлиб қолса керак.
- Бу мавсумдаги энг яхши ўйинчи бўлдингиз, аммо ўзингиз учун энг яхшиси ким бўлди?
- Мана, ҳамма шундай танлашибди-ку. Агар нимадир десам нотўғри бўлади. Қарор қабул қилиб бўлишган. Лекин ўз фикрим бўйича бу йил ўзларини яхши томонлама кўрсатган бошқа футболчилар ҳам бор эди. Аммо айнан кимлигини айта олмайман. Акс ҳолда кимнидир ранжитиб қўйишим мумкин.
- Бу совринингиз билан терма жамоага чақирмаётган бош мураббий Сречко Катанецга ўзига хос жавоб йўлладингиз, десак бўладими?
- Айтганимдек, энг яхшиси бўлганимдан хурсандман. Миллий терма жамоа аъзоси бўлиш учун ҳаракат қиламан. Ҳозирча чақирмаётгани бу мураббийнинг қарори. Бош мураббийни ўз фикри, футболга қараши бор. Албатта, мени ҳам чақиришса жуда хурсанд бўлардим.
- Терма жамоага чақиришлари учун яна нима қилишим керак, деб ўйлаяпсиз?
- Ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, қайсидир минус томонларимни плюсга айлантиришим керак.
- Охирги савол: Сречко Катанец сиз ҳақингизда фикр билдириб, бўйи пастроқ, деган гапни айтиб ўтганди. Бунга қандай муносабатдасиз?
- Шу пайтгача бу ҳақида ҳеч кимга айтмагандим. Мураббийнинг шундай гапиргани мени ранжитди. У миллий терма жамоа бош мураббийи-ку, кимнидир таклиф қиладими ёки таклиф қилмайдими, футболчи ҳақида бундай гапни айтиш нотўғри деб биламан. Ҳеч бўлмаганда, кейинги йиғинларга чақирамиз ёки ўйинларини яна кузатиб борамиз, деса бўлади. Аммо ҳар хил гапларни айтиши ранжитди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар