"Катта болакай" - Ҳоланд ҳақида қисқача...
· Унинг отаси ва болалиги;
· Футбол, гандбол ва енгил атлетика;
· Қизлар билан машғулот, вазн ҳамда бўйдаги ўзгаришлар;
· Дунёни ўзига қаратаётган болакай.
Эрлинг Ҳоланд асримизнинг аввалида Англияда туғилди. Унинг отаси ўша вақтларда "Лидс" таркибида ҳаракат қиларди. Умуман, Алфь-Инг Холанд ҳаётини инглиз футболига бағишлаган одам бўлиб, фаолиятининг якунида "Манчестер Сити" клубида ўйнашга ҳам улгурган. Аммо, катта Холанд ўзи истагандан кўра анча эрта футболни тарк этишига тўғри келди. Айни дамда у ўғли Эрлингни ўзи истагандан кўра эрта футболга ошно қила бошлади. Барчаси яхшиликка, деб шуни айтсалар керак.
Брюне - аҳолиси 12 000 киши атрофида бўлган Норвегиядаги шаҳарча. Ҳоландлар оиласи Британия сафаридан сўнг ўзларига қадрдон Брюнега қайтди. Эрлинг айни номдаги клуб мактабига қатнай бошлади. Қачонлардир бу ерда отаси ҳам тўпнинг ортидан югуриб юрганини у яхши биларди.
"Брюне" мактабида қизиқ метод бор. Улар болаларни истеъдодига қараб саралаб машғулот олиб боришмайди. Бир гуруҳдаги барча 40 нафар бола то ўсмирлик ёшигача бирга машғулот ўтайди. 10 йил давомида доим бир вақтда машқларга киришади. Қизиқ! Тўғри ўйинларда таркиб шаклланади, аммо, барчага бирдек ёндошув бор. Кичик Ҳоланд бу ерда футболдан ташқари гандбол ва енгил атлетика билан ҳам шуғулланди. Бу эса ҳозир биз унинг ўйинида кўраётган ҳислатларимиз шаклланишига сабаб бўлди. Ўта эпчил ва тезкор! Эрлинг 16 ёшгача қатнашган машғулотларда қиз болалар ҳам бор эди. Шу қадар содда ва айни вақтда ғалати методи бор эди "Брюне" футбол мактабининг.
Ҳозир 1 метр 95 сантиметр бўйга эга бўлган Ҳоланд 14 ёшида тенгқурлари ичидаги энг миттивойи эди. Бироқ кейинги йиллар барчаси тез ўзгарди. У ҳар ой 1 сантиметрга ўса бошлади. Мураббийлар бундай вақтда унинг юкламаларини камайтиришга қарор қилишди. Бошқа болалар 15 дақиқа бирор машқ билан шуғулланса Ҳоландга 5 дақиқа беришарди. 17 ёшида у "Мольде" сафига ўтди. Клубни бугун МЮ устози бўлган Оле Гуннар Сульшер бошқарди. Норвегия футболи юлдузи Ҳоландни илк бор кўрганди унинг бўйига нисбатан вазни анча паст эканини пайқади ва унинг тушлигини уч ҳиссага оширди. Кейинчалик "ҳа, сен яхшигина вазн олдинг. Аммо, бу шунчаки ёғлар эмас. Бу -- мушаклар" - деб уни спорт залга кузатиб қўярди Оле.
Қаҳрамонимиз "Мольде"даги ўйинлари билан "Ред Булл Залцбург" эътиборига тушиб Австрияга кўчиб ўтиши биланоқ клубда ўз ўрнига эга бўлди. Хет-триклар ишқибози бўлган Ҳоланд ЧЛдаги дебют ўйинида "Генк" дарвозасини 3 маротаба ишғол қилди. Илк ўйинида бу ишни қилолганлар сони турнир тарихида 10 нафарга етмаслиги алоҳида мавзу. Гуруҳ босқичида 8 та гол муаллифига айланган "катта болакай" куни кеча плей-оффда ҳам яна икки голни ҳисобига қўшиб қўйди. Фақат энди унинг клуби бошқа - "Боруссия Д".
Умуман оладиган бўлсак, бу мавсумда у барча турнирларда 28 та ўйинда 39 та гол урди! 19 ёшли футболчи учун даҳшатли кўрсаткич эмасми?!
Энг қизиғи ҳали олдинда! У ва унинг ўзидан қолишмайдиган жамоадошлари (Санчо, Ҳакими, Азар, Ройс ва бошқалар) миллиардлар сарфланган ПСЖни турнирда чиқариб юбориши мумкин.
Бунга 12 март куни Парижда ойдинлик киритамиз. Албатта, бирга! UzReport TV ва Futbol TV хизматингизда бўлади!
Ориф Толипов, журналист.
Фикрлар