"Кайфият кўтарилди, бу ҳам мотивация беради". "Андижон"нинг март ойидаги энг яхши футболчиси аниқланди ёхуд клубнинг натижалари рақамларда акс этганда!
Март ойи ўз ўрнини апрелга бўшатиб берди. “Андижон” клуби матбуот хизмати бундан буён мухлисларга янада қулайлик бўлиши мақсадида жамоанинг ҳар ойдаги ўйинларидан келиб чиққан ҳолда “Ой ҳисоботи” рукнини жорий қилди.
Демак, “Бургутлар” ортда қолган март ойида жами тўртта учрашув ўтказди. Про лиганинг илк турида сафарда “Зомин” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. 2-турда “Бобур арена”да “Янгиер” 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. 3-турда Урганчда “Хоразм”га аламли тарзда йирик ҳисобда мағлуб бўлди – 0:3. 4-турда эса ўз майдонида “Арал Самали”ни 4:0 ҳисобида тор-мор келтирди.
Кўриб турганингиздек, ортда қолган 4 та учрашувда рақиблар дарвозасига 6 та гол урди ва ўз дарвозасидан 3 та тўп олиб чиқди. 3 та ўйинда гол ўтказмади. Барча ўтказиб юборилган голлар “Хоразм” билан ўйинда юз берди.
Киритилган 6 та голга келсак, Богдан Милич, Аҳмад Анваров, Фарҳод Соҳибжонов (иккита) ва Шаҳбоз Эркинов (иккита) ғалаба келтирувчи голларга муаллифлик қилдилар. Черногориялик Милич жорий мавсумда “Янгиер” билан баҳсда “Андижон”нинг чемпионатдаги илк голини урди. Қизиғи, футболчилар 6 та голнинг ярмини биринчи бўлимда, яна тенг ярмини иккинчи бўлимда киритган. Демак, бу борада баланс бор.
Март ойида “Андижон” пенальти тепиш имкониятига эга бўлмади ва ўз навбатида дарвозаси томон пенальти белгиланмади.
Шунингдек, 4 та ўйинда ҳакамлар томонидан жами 7 нафар “Андижон” футболчиларига сариқ карточка кўрсатилган. Булар – Илҳом Алижонов, Абдувоҳид Ғуломов (икки марта), Аҳмаджон Анваров, Богдан Милич, Азамат Исроилов ва Муҳаммадкарим Тоиров. Ғуломов “Зомин” ҳамда “Арал Самали” билан кечган баҳсларда сариқ карточка билан “сийланган”. Биргина “Хоразм”га қарши учрашувда ўйинчиларга ҳакамлар тарафидан сариқ карточкалар кўрсатилмаган. Энг кўп огоҳлантириш 2-турда “Янгиер”га қарши учрашувда кузатилган. Унда 3 нафар футболчи “сариқ”қа лойиқ кўрилган. Лекин ойни қизил карточкаларсиз тугатишди.
Томошабинлар ташрифига келсак, “Янгиер”га қарши баҳсда “Бобур арена”га 2168 мухлис келди. “Арал Самали” билан ўтказилган учрашувни эса бевосита стадиондан 2321 ишқибоз кузатиб борди. Бундан ташқари, илк турда сафарда “Зомин” майдонида ўтказилган ўйинда 100 га ақин андижонлик мухлислар стадионда жамоасини қўллаб турган.
Қолаверса, тўртта учрашувда фақат икки нафар ўйинчи тўлиқ иштирок этди. Булар – дарвозабон Элдор Адҳамов билан ҳимоячи Абдувоҳид Ғуломов.
Апрель ойида эса бу клубни жами бешта ўйин кутяпти. Иккитаси про лига ва учтаси Ўзбекистон Кубоги доирасида.
Хабарингиз бор, мавсум бошидан буён “Андижон”нинг ҳар бир учрашувидан кейин мухлислар ўртасида ўйиннинг энг яхши футболчиси учун сўровнома ўтказилмоқда. Шунингдек, овозлар йиғиндисидан келиб чиқиб, энг кўп овоз тўплаган футболчига ойнинг энг яхши ўйинчисига аталган махсус статуэткани таъсис этилган.
Шундай қилиб, ўтган ойдаги тўртта беллашувда мухлислар иштирокида ўтказилган сўровнома якунларига кўра, “Андижон” клубининг энг яхши футболчиси аниқланди. Бу – дарвозабон Элдор Адҳамов! У 493 овозга эга бўлди. Жамоа “Ғиждувон”га қарши ўйини олдидан “Насаф” ўринбосарларига қарашли майдонда шуғулланди. Ушбу машғулотдан аввал “Андижон” клуби вице-президенти Жаҳонгир Нуриддинов томонидан совға ўз эгасига топширилди.
Умумий сўровномада Адҳамовдан кейин иккинчи ўрин Фарҳод Соҳибжоновга насиб қилди. У 475 овоз тўплади. Учинчи ўринда 351 овоз билан Муҳаммадкарим Тоиров. Шунингдек, кучли бешталикдан Аҳмаджон Анваров (184) ҳамда Шаҳбоз Эркинов (133) ҳам жой олишган.
Элдор Адҳамов “Март ойининг энг яхши футболчиси” совринини қўлга киритганидан кейин ўз фикрларини билдирди.
“Тўғриси, бунақа сўровнома бўлишини кутмагандик. Лекин ўйиндан олдин кайфият кўтарилди. Албатта, мухлисларнинг шунчалик эътибор қаратишганидан хурсанд бўлдим. Барибир асосийси, жамоамизнинг ғалабаси. Ҳар қандай шахсий совриндан кўра, “Андижон”нинг ютуғи устун. Эртагалик учрашувдан олдин кайфият кўтарилди. Худо хоҳласа, яхши кайфиятда ғалаба билан қайтамиз, деб умид қиламан. Лекин хурсандман, шунақанги ғоялар ўйлаб топаётганингларга. Бу ҳам мотивация беради”, - дейди энг яхши футболчи, клуб матбуот хизматига.
“Андижон” футболчиларининг март ойида тўплаган барча овозлари
- Элдор Адҳамов - 493
- Фарҳод Соҳибжонов - 475
- Муҳаммадкарим Тоиров - 351
- Аҳмаджон Анваров - 184
- Шаҳбоз Эркинов - 133
- Абдураҳмон Комилов - 97
- Владимир Бубанья - 88
- Богдан Милич - 82
- Илҳом Абдуғаниев - 81
- Абдувоҳид Ғуломов - 59
- Азамат Исроилов - 38
- Горан Милочко - 38
- Илҳом Алижонов - 29
- Шерзод Эсонов - 29
- Маликшох Расулов - 26
- Аҳрор Иноятов - 15
- Иброҳим Мухторов - 12
- Илдар Маматказин - 12
- Ислом Маматказин - 12
Фикрлар