Кеча ҳожатхона тозалаган бола бугун йилига 15 миллион евро маош олмоқда! 2 ёшида етим қолган Стерлинг ҳикояси

Раҳим Стерлинг ёшлигини ёдга олишни у қадар хуш кўрмайди. Агар унга буни эслатсангиз, дарров юзидаги табассуми қаергадир ғойиб бўлади. Унинг ўтмишда бошидан ўтказганлари бунга йўл қўймаслиги аниқ…

Раҳим 16 ёшга тўлганида, унга Ямайка терма жамоасида тўп суриш таклифи келиб тушди. Ўспирин ўйланиб қолди. Эртаси куни эса, унга Англия терма жамоасидан ҳам чорлов келди. Рахим ўзини Ямайка билан нималар боғлаб туриши ҳақида ўйга толди.

Раҳим Ямайкада кечирган кунларини деярли эслай олмайди. У Ямайканинг қочоқлар келиб жойлашган ҳудудида таваллуд топди. Гиёҳванд моддалар ва қурол савдоси билан шуғулланувчи қўшнилар... Стерлинг икки ёшга тўлганида отасидан айрилди.

adas5

Кўчадаги отишмалардан бирида Рахимнинг дадаси яраланди ва шифохонада жон таслим қилди. Мудҳиш воқеадан сўнг, онаси бир йўла 3 та жойда ишлашни бошлади. Кўп ўтмай, бўлажак футболчининг онасига Англиядан иш таклиф қилишди. Бу ёрқин келажак учун чипта эди. Стерлинглар оиласи Ямайкани тарк этди.

adas2

Янги давлатга кўчиб келиши билан, Стерлинг хоним ўзини иш ва ўқишга урди. Болалар билан эса, Раҳимнинг бувиси шуғулланишни бошлади. Раҳим 7 ёшга тўлганида, бувиси уни футболга етаклаб олиб борди. Стерлинг ўз ёшлиги ҳақида эслар экан, бир воқеани кўп бор ёдга олади.

«Ёшлигимдаги энг ёрқин воқеалардан бири бувим билан содир бўлди. У мени «Уэмбли» стадионига олиб келди. Бу ҳеч қандай футбол матчи эмас эди. Шунчаки, саёҳат қилиш мақсадида аренага ташриф буюрдик. Айнан ўша сонияларда қачонлардир шу стадионда тўп тепаман, деб ўзимга ваъда бердим».

Раҳим 14 ёшга тўлганида, деярли безорига айланиб бўлган эди. Футбол майдонида унга тенг келадигани йўқ бўлса-да, негадир ўқишга сира қизиқмас, нуқул ирқчилик қилган синфдошлари билан жанжаллашиб юрар эди. Бора-бора унинг ўқишдан кўнгли совиди. Ана шундай кунларнинг бирида жисмоний тарбия ўқитувчиси билан бўлиб ўтган суҳбат Стерлингнинг ҳаётида улкан бурилиш ясади десак, адашмаган бўламиз.

adas6

«У мени бир неча дақиқага ўз хонасига таклиф қилди. Хушламай ортидан эргашдим. Қаршимга келиб ўтирар экан, менга танлашим керак эканлигини айтди. Нима ҳақида гап кетаётганини сезган бўлсам-да, ўзимни билмаганликка олдим. У эса, «агар футболчи бўлмоқчи бўлсанг, ўзингни тийиб ол. Сендан ажойиб футболчи чиқади. Ҳозир бу жанжалларга чек қўймасанг, ҳадемай ўзингни турмада кўрасан». Тўғриси, унинг хонасидан чиқиб кетар эканман, сўзлари миямда айланаётганини сездим.

Кейинроқ, футболчи «The player’s tribune» учун ўз ёшлиги ҳақидаги қизиқарли воқеаларни сўзлаб берди.

«Тўғриси, онамни деярли кўрмай катта бўлдим. У ҳар доим ишда эди. Кечаси билан меҳмонхонада оқсоч бўлиб ишлар, тунгга яқин кичик бир кафеда ҳожатхоналарни тозалар эди. Тонгда эса, қаердадир ўқир, кечга яна ўз ишларига йўл олар эди. Баъзида, унга ёрдам бериш мақсадида кечалари у билан бирга ҳожатхоналарни тозалар эдим. Тўғри, бу билан унинг ишини осон қилмаганман, бироқ ёрдам беришга уринганман. Тасаввур қилиб кўринг! Жимиттаккина ёш бола онаси билан ҳожатхоналарни тозаламоқда.

Ямайкадан кўчиб келгач, мен индамас бўлиб қолдим. Ҳеч ким билан гаплашмас эдим. Бошида мен билан ҳеч ким дўстлашмади. Барча ўқувчиларни уйидан олиб кетувчи автобусни жуда ёмон кўраман. Сабаби, унинг ичидаги сукунатли ўтган дақиқалардан нафратланаман. Йиллар ўтгач, секин-аста вазиятга мослашишни бошладим. Шундай бўлса-да, муҳожир бўлганим учун кўплаб муаммоларга дуч келганим рост.

Тўғриси, мен билан «Арсенал» жамоаси скаутлари боғланганида, неча ёшда эканлигим ёдимда йўқ. Шунга қарамай, қай даражада бахтли эканлигим кечагидек ёдимда. Кўчада кўринган одамга «Арсенал»га ўтаётганим ҳақида айтиб уйгача учиб келдим. Онам эса, мени бир зумдан осмондан ерга олиб тушиб қўйди.

«Болам, ўзингни бос. «Арсенал»га ўтмаслигинг керак! Сенга ўхшаганлар у ерда мингта! Яхшиси, нисбатан кучсизроқ клубга ўтганинг маъқул. Доимо қолганлардан ажралиб туришинг лозим!»

adas1

Айнан ўша сўзлар сабабли, КПР жамоаси билан шартнома имзоладим. Тўғриси, КПРда мен каби катта қийинчилик кўрган болалар кўп экан. Улар билан тўқнашиб, жамоага мослашиб олишим учун анча вақт керак бўлди. Шунга қарамай, бу қарорим ўзини оқлади. Мен шахс сифатида улғайдим. Футболчи сифатида шаклландим.

Менга «Ливерпуль» жамоасидан таклиф келиб тушганини яхши хотирлайман. У даврларда Англия ёшлар терма жамоасида тўп сурар эдим. Ўша кунларнинг бирида менга қўнғироқ қилишди ва “Ливерпуль”га ўтишни таклиф этишди. Бу хабарни уйдагиларга айтдим. Улар «Уэмбли» стадиони олдидаги уйимиздан 3 соатлик йўл узоқликдаги шаҳарга мени қўйиб юборишга рози бўлишди. Айнан ўша кундан бошлаб, мен учун катта ҳаёт бошланганини ҳис этдим.

adas123

Терма сафида «Уэмбли»да ўртоқлик учрашувида майдонга тушишимиз керак эди. Шу боис, жамоадошларим билан биргаликда стадион сари йўл олдик. Аренага яқинлашар эканмиз, ўзим катта бўлган кўчаларга эътибор қаратдим. Мен тўп тепган кўчалар, ролик учган машина тураржойларига тикилиб қолдим. Автобус секин ҳаракат қилар, мен эса атрофимдаги барча нарсага маъюс боқар эдим. Бу район Лондоннинг энг нотинч жойларидан бири саналган бўлса-да, мен учун жуда ҳам қадрдон. Шу боис, Яратганга шукр айтдим. Футбол мени улғайтирди ва менга порлоқ келажакни тақдим этди. Автобус «Уэмбли» олдига келиб тўхтади. Барча сингари мен ҳам стадионга йўл олдим. Жамоадошларим қувноқ кайфиятда кийиниш хонасига ўтиб кетишди. Мен эса, бувим билан бирга келган кунимизни яна ёдга олдим. Ўша куни қачонлардир шу стадионда тўп суришни орзу қилган эдим. Бугун ниятимга етдим. Бувимнинг қайноқ қўлларини ушлаб олганча завқ билан трибуналарга тикилганимни ёдга олдим. Бу худди кинога ўхшайди».

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!