Кечиновдан Черангача! Ёхуд чемпионатимиз тарихидан жой олган футболчилар

Футболнинг жозибаси нимада, биласизми? Тасаввур қилинг, агар футболда голлар бўлмаса нима бўлади? Табиийки, голлар бўлмаса футболнинг ҳам завқи қолмайди. Натижада унинг жозибаси ҳам йўқолади. Шундай экан, футбол голлари билан ҳам янада гўзаллашади. Қолаверса, ғалаба қозониш учун ҳам ўша гол керак. Голни ким уради? Албатта, майдондаги футболчилардир. Янада аниқроқ айтсак, бу иш асосан ҳужумчиларнинг гарданидаги вазифа ҳисобланади.

Биласиз, футболда тактик услублар жуда устивор вазифага айланган. Шунинг учун майдондаги 11 нафар ўйинчининг ҳар бирига алоҳида вазифа юклатилган. Ҳужумчиларнинг иши эса гол уришдир. Лекин бугунги кунга келиб кўпинча натижа асосий ўринга чиққан бир пайтда шундай ҳолатга ҳам дуч келамизки, ғалаба қозониш учун голни ким уришининг фарқи бўлмай ҳам қоляпти. Лекин ҳужумчи ўз номи билан ҳужумчи экан, жамоадошлари, мухлислар ундан аввало голни кутишади. Қолаверса, ҳужумчиларни танитадигани ҳам бу унинг голларидир. Агар тўпурар бўлса борми, у энг яхши ҳужумчига айланади-қолади. Ушбу мақоламизни эса мавзуга доир равишда айнан тўпурар футболчиларга бағишлаймиз.

Ўзимизнинг чемпионатда ҳам мухлислар олқишига сазовор бўлган, голлари билан ишончни қозонган ҳужумчиларимиз бўлган. 1992 йилдан бери ўтказиб келинаётган миллий биринчилигимизда ҳаммаси бўлиб 33 марта тўпурар номи аниқланган. Барчанинг ёдида бўлса керак, Ўзбекистон чемпионатининг илк тўпурари “Пахтакор”да тўп сурган ҳужумчи Валерий Кечинов бўлганди. 1992 йилги мавсумда у 24 та гол урганди. Шундан буён кўплаб ҳужумчиларимизнинг қаҳрамонликларини кузатиб келмоқдамиз. 1996, 1998, 1999, 2003 ҳамда 2010 йилги мавсумларда эса қўштўпурарларга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Шунингдек, 2000 йили собиқ “Дўстлик” шарафини ҳимоя қилган Жаъфар Ирисметов олий лигада 45 та гол уриб тўпурар бўлган ва ҳалигача унинг ушбу кўрсатгичини ҳеч бир ҳужумчи такрорлай олгани йўқ, ҳали бери ҳеч ким бу ишни уддалай олмаса ҳам ажабланмаймиз. Бундан ташқари, тўпурарлар орасида энг кам гол муаллифлари 2010 йилги мавсумга тўғри келади. Ўшанда Алишер Ҳолиқов билан Носир Отақўзиевнинг тўпурар бўлиши учун атига 13 та гол етарли бўлган холос. Ҳозирги пайтда эса уларнинг аксарияти ўзини мураббийлик соҳасида синаб кўрмоқдалар.

Тўпурарлар орасида хорижлик ўйинчилар ҳам борлигини яхши билсангиз керак. Собиқ жаҳон юлдузи, олтин тўп соҳиби ҳамда жаҳон чемпиони бўлган бразилиялик Ривалдо ҳам ўз номини Ўзбекистон футболи тарихига ёздириб кетган. У 2009 йили “Бунёдкор” сафида 20 та гол билан илк хорижлик тўпурар номига ҳам эришганди. Орадан икки йил ўтганидан кейин яна “Бунёдкор” футболчиси, бу сафар Милош Трифунович энди 17 гол билан тўпурарликка эришганди. Буни қарангки, орадан яна икки йил ўтгач, навбатдаги хорижлик учинчи тўпурар ҳам “Бунёдкор”дан чиқди. Бу сафар украиналик Олександр Пишур рақиблар дарвозасига 19 та гол урган ҳолда энг яхши ҳужумчига айланди. 2014 йилда эса “Насаф” таркибида порлаган туркманистонлик Артур Геворкян 18 та голи билан энг яхши тўпурар номига эришди. Буни қарангки, охирги икки йилдан бери чемпионатимиз тўпурарлиги яна хорижлик футболчиларга насиб қилмоқда. Аввалига “Пахтакор”нинг бразилиялик собиқ ҳужумчиси Тиагу Безерра 17 гол урган бўлса, ўтган йили сербиялик Драган Черан 23 маротаба Суперлига клублари дарвозаларини ишғол қилди ва унга ҳеч бир ҳужумчи ета олмади.

Шу кунгача тўпурар бўлган ҳамма футболчини ҳам соф ҳужумчи деб айта олмаймиз. Масалан, 1998 йили Миржалол Қосимов “Пахтакор” сафида 22 та гол урган ва жамоадоши Игорь Шквирин билан қўштўпурарликка эришган. 2008 йилда эса яна бир ярим ҳимоячи Сервер Жепаров “Бунёдкор”да ўйнаган ҳолда 19 та гол уриб ҳужумчиларни ортда қолдирганди. 2014 йили тўпурар бўлган Геворкян ҳам соф ҳужумчи ҳисобланмайди. Ўшанда у асосан ўйинни ташкиллаштирадиган, эркин ижодкор, плеймейкер сифатида гавдаланганди. Умид қиламизки, чемпионатимизда бундан кейин ҳам  кашфиёт сифатида янги тўпурар ҳужумчиларимиз етишиб чиқади.    

Ўзбекистон чемпионатининг барча тўпурарлари

1992 йил        Валерий Кечинов                “Пахтакор”                24 та гол

1993 йил        Рустам Дўрмонов                 “Нефтчи”                   24

1994 йил        Равшан Бозоров                   “Нефтчи”                   26

1995 йил        Олег Шацких                      “Навбаҳор”                 26

1996 йил        Жаъфар Ирисметов              “Дўстлик”                  23

                     Олег Шацких                       “Навбаҳор”                23

1997 йил        Жаъфар Ирисметов              “Дўстлик”                 34

1998 йил        Игорь Шквирин                   “Пахтакор”                22

                     Миржалол Қосимов              “Пахтакор”                22

1999 йил        Умид Исоқов                        “Нефтчи”                 24

                     Баҳтиёр Ҳамидуллаев         “Андижон”                 24

2000 йил        Жаъфар Ирисметов              “Дўстлик”                45

2001 йил        Умид Исоқов                        “Нефтчи”                28

2002 йил        Бахтиёр Ҳамидуллаев         “Андижон”               22

2003 йил        Марсел Идиатулин              “Қизилқум”             26

                     Шуҳрат Мирхолдиршаев     “Навбаҳор”              26

2004 йил        Шуҳрат Мирхолдиршаев     “Навбаҳор”              31

2005 йил        Анвар Солиев                     “Пахтакор”             29

2006 йил        Павел Соломин                    “Трактор”              21

2007 йил        Илҳом Мўминжонов             “Қурувчи”              21

2008 йил        Сервер Жепаров                  “Бунёдкор”           19

2009 йил        Ривалдо                               “Бунёдкор”           20

2010 йил        Алишер Ҳолиқов                 “Нефтчи”               13

                     Носир Отақўзиев                 “Олмалиқ”              13

2011 йил        Милош Трифунович            “Бунёдкор”             17

2012 йил        Анвар Бердиев                     “Нефтчи”              19

2013 йил        Олександр Пишур               “Бунёдкор”            19

2014 йил        Артур Геворкян                   “Насаф”                18

2015 йил        Игорь Сергеев                      “Пахтакор”          24

2016 йил        Темурхўжа Абдуҳолиқов    “Локомотив”           22

2017 йил        Марат Бикмаев                     “Локомотив”        27

2018 йил        Тиагу Безерра                       “Пахтакор”         17

2019 йил        Драган Черан                        “Пахтакор”         23

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!