Келаси йили ҳам яна 7-8 ойлаб яқинларимдан узоқлашишни хоҳламайман - Ислом Тўхтахўжаев Хитойдан кетадими?

Хитой чемпионатида тўп сурган ҳамюртимиз Ислом Тўхтахўжаев клуби – “Шеньян Урбан” билан биринчи дивизионда жон сақлаб қолди. Охирги учрашувда эса футболчимиз ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди ва жамоасининг бир очкони қўлга киритишида ҳиссасини қўшди.

Таъкидлаш керакки, 31 ёшли футболчимиз фаолиятида илк бор легионер мақомида тўп сурди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси sports.uz мухбири билан бир қатор масалалар бўйича суҳбатлашди.  

- Клубингиз иштирокидаги охирги ўйинда урган голингизни кузатдик. Тўғриси, майдоннинг сифатини кўриб ажабландик. Чунки ўзимиздаги майдонларнинг ҳолати бундан кўра анча яхшироқ...

- Биринчи босқичдаги учрашувларни ҳам ушбу стадионда ўтказгандик. У пайтда майдоннинг сифати аъло даражада эди. Иккинчи босқич ҳам ўша ерда ўтгани учун кўплаб ўйинлар ташкил этилди. Бир ой ичида камида 15 тача ўйин бўлди, шекилли. Шунинг ҳисобига майдоннинг ҳолати анча ёмонлашиб кетди. Лекин Хитойда футбол учун яратилган шароитлар ҳамма ҳавас қиладиган даражада.

- Пандемия сабабли Хитойда анча вақт чемпионат тўхтатиб қўйилганди, кейин эса бирдан ўйинлар тезлаштириб юборилди. Аслида ҳаммаси қандай содир бўлди?

- Хитой чемпионати якунига етди. Дастлаб учта гуруҳга бўлинган ҳолда ўтказилди. Ўз гуруҳларида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар яна алоҳида гуруҳ сифатида Суперлигага чиқиш учун курашишди. Қолган жамоалар эса яна иккита гуруҳга бўлиниб, биринчи дивизионда қолиш учун баҳслашдилар. Биз охирги учрашувда дуранг натижани қайд этиб, ўз ўрнимизни сақлаб қолдик. 5- ва 6-ўринни эгаллаганлар плей-оффда иштирок этадилар. Самвел Бабаян бошқарган “Чанчунь Ятай” эса биринчи ўринни олди ва Суперлигага чиқди.

ислом4

- Унинг Хитойдаги фаолияти ёмон кечмаётганди. Бироқ “Чанчунь Ятай”дан нима учун кетганининг сабабини ҳалигача билганимиз йўқ. Хитойда Бабаянга бўлган муносабат қандай эди?

- Бабаян жамоаси билан олдига қўйилган вазифани уддалаётганди. Ахир бу мураббий учун асосий вазифа-ку. Лекин у ердан нима сабабдан кетганини мен ҳам билмайман. Буни Самвел Бабаяннинг ўзидан сўраш керак-да. Лекин Хитойда футбол одамлари Бабаяннинг ишига яхши баҳо бераётгандилар.

- “Шеньян Урбан”га кўчиб ўтган пайтингизда клубингиз билан Суперлига йўлланмаси учун курашишингларни кутгандик. Аммо вазият бошқача тус олди. Жамоа билан лигада қолиш йўлида ҳаракат қилганингиз ўзингизга ёқдими?

- Тўғри айтасиз, йилнинг бошида, пандемиядан аввал кўп жамоаларда вазифалар бошқача эди. Лекин карантин кўплаб клубларнинг режаларини ўзгартириб юборди, шу қатори бизнинг жамоани ҳам. Шу сабабдан Хитойда ҳам футбол тўхтатилди. Натижада молиявий муаммолар кўзга ташланди. Вазиятдан келиб чиқиб бу йил чемпионат формати ҳам ўзгача эди. 15 та учрашув ўтказиб, тугатиб қўя қолдик. Режа бўйича 36 ёки 34 та ўйин бўлиши керак эди. Қолаверса, клуб ўзи хоҳлаган футболчиларни ҳам таркибга қўша олмади. Ҳеч қачон жон сақлаш учун тўп сурмагандик. Шуни инобатга олсак, ушбу мавсум қандайдир бошқача туйғу билан ўтди.

- Кейинги режаларингиз бизни қизиқтиряпти. Клубингиз билан яна ҳамкорликни давом эттирасизми?

- Жамоам билан шартномам автоматик равишда яна бир йилга чўзилади. Лекин бу борада раҳбарият билан яна бир бор гаплашамиз. Чунки шартномани чўзиш ёки чўзмаслик хоҳишимга боғлиқ. Барибир у ердаги чемпионат қизиқарли ўтди. Барча клубларнинг кучлари ҳам тенг эди. Бирор-бир клуб бошқалардан кўра хаддан ташқари кучли сифатида ажралиб тургани йўқ.

ислом2

- Сизга янги чорловлар бўлаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Шу ростми?

- Таклифлар бор, тўғри. Лекин энг асосийси, уйга бориб оилам билан ҳордиқ чиқармоқчиман. Кейин бошқа вариантларни ўрганиб чиқамиз, агентларим билан. Ҳозир бошқа таклифларни ўйламаяпман, аввало оиламни, уйимни соғиндим.

- “Шеньян Урбан”да қолиш имкониятингизни неча фоизга айта оласиз?

- Энди терма жамоа ихтиёрига қўшиламан ва шундан сўнг улар билан бирга Ўзбекистонга қайтаман. Клубимда қолишим 50х50. 7-8 ой оиласиз юрдим, кейинги йил ҳам яна шунақа бўлишини хоҳламайман.

- Вадим Абрамов эълон қилган таркибда сизни кўрмагандик. Кейин режалар ўзгарди, шекилли-а?

- Вадим Карленович ва терма жамоадагилар билан доим алоқадамиз. Бизда чемпионат қачон тугаши аниқ эмасди. Мана, гуруҳда 4-ўринни олдик ва мавсум биз учун ниҳоясига етди. Мабодо, 5 ёки 6-поғонага жойлашиб қолганимизда менда термага қўшилиш имконияти бўлмасди. Негаки, охирги ўринлардаги клублар лигада қолиш мақсадида плей-офф баҳсларида тўқнаш келади. Шуларни ўйлаган ҳолда терма жамоадагиларга агар мавсум эртароқ тугаса бораман, деб айтгандим. Шундай қилиб, Хитойдан Дубайга етиб бораман, бу ҳақида олдиндан келишгандик. Ҳар доим миллий терма жамоада ўйнагимиз келади. Бу йил ФИФАдан қарор чиқди-ку, яъни, клублар футболчиларини термага истаса қўйиб юборади, истамаса йўқ. Клубим эса олдинда ўйинларимиз борлиги учун термамизнинг аввалги йиғинларида қатнашишимга рухсат бермаганди.

ислом_1

- Хитойдаги фаолиятингиз бошланишидан аввал нималарни кутгандингиз ва энди қандай хулосаларга эга бўлдингиз?

- Бу ерда футболчиларга яратилган шароитлар бу даражада яхши деб ўйламагандим. Яна бир кутилмаган томонларидан бири шунда бўлдики, чемпионатни уй-сафар тизимида ўтади деб ўйлагандим. Лекин бора-бора мавсумни икки ойда якунлаб қўйдик.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!