Кетиши кутилаётган Шомуродовнинг дербидаги ўйини қандай баҳоланди?
Италия чемпионатининг марказий учрашувларидан бири Римда пойтахтнинг икки жамоаси – “Рома” ва “Лацио” футболчилари иштирокида бўлиб ўтди.
Жамоаларнинг мусобақа жадвалида жойлашган ўринлари орасидаги фарқ катта эканига қарамай, ҳамшаҳарларидан анча қуйида бораётган “бўрилар” бу гал кучди рақибни таслим қила олди.
Клаудио Раньери шогирдлари дастлабки йигирма дақиқа ичида Лоренцо Пеллегрини ва Алексис Салемакерснинг голлари эвазига, учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди.
Элдор Шомуродов 74-дақиқада Артём Довбик ўрнига майдонга тушди.
Қуйида siamolaroma.it сайти экспертлари томонидан “Рома” футболчиларининг дербидаги ўйинига берилган баҳо билан танишиб олишингиз мумкин.
Миле СВИЛАР 6,5:
“Лацио” бу дарвозабонни безовта қила олгани йўқ. Учрашув Свилар учун анча хотиржам ўтди.
Жанлука Манчини 7,5:
Ҳимояни мустаҳкам ушлади. Айниқса, иккинчи бўлимда бир неча марта юқоридан келган тўпларни боши билан қайтариб юборди.
Матс ХУММЕЛЬС 7,5:
Германиялик ҳимоячи ўз қобилиятларини тўлиқ намойиш қилди. Рақиб футболчиси Валентин Кастельяноснинг қизил карточка олишига сабабчи бўлди.
Эван НДИКА 7:
Биринчи бўлимда “Лацио” футболчиси Фисао Деле-Баширунинг ягона хавфли ҳужумини қайтарди. Ўйиннинг иккинчи ярмида Лум Чаунанинг дарвозага хавф солишига йўл бермади.
Алексис САЭЛЕМАЕКЕРС 7,5:
“Рома”нинг ҳужум чизиғи самарадорлиги бельгиялик футболчига боғлиқ бўлиб қолди. Иккинчи голни уриб, ғолиблик масаласини ҳал қилди.
Ману КОНЕ 7:
Бутун майдон бўйлаб ҳаракат қилди. Рақиб ўйинини бузиш ва жамоаси ҳужумини бошлашда фаоллик кўрсатди.
Леандро ПАРЕДЕС 7:
Майдон марказидаги яккакурашни деярли бой бергани йўқ. Рақиб ҳужумларини блоклаш, тўпни эгаллашда ўзини кўрсата олди.
Лоренцо ПЕЛЛЕГРИНИ 7,5:
Бир аниқ зарба билан “Рома” мухлисларининг меҳрини қайта қозона олди. Зўр ўйин ва ажойиб гол.
АНЖЕЛИНО 7:
Чиройли ўйнади. Рақиб пасларини кесиб қўйишда ишончли ўйнади.
Пауло ДИБАЛА 7:
Ўйин давомида курашувчанлик қобилиятини намойиш қилди, Салемакерсга голли пас узатди.
Артём ДОВБИК 6,5:
Рақиб ҳимоячиларининг эътиборини ўзига қаратиб турди. Кўп курашди, лекин ҳали спорт формасини тўлиқ тиклаб олмагани билинди ва жойини Элдор Шомуродовга бўшатиб берди.
Николо ПИЗИЛЛИ 6,5:
Ҳар бир тўп учун курашишга ҳаракат қилди.
Стефан ЭЛ-ШААРАВИ 6,5:
Раньери уни Салемакерс ўрнига ҳужум чизиғида ўйнатди. Вазифасини уддалади.
Томмазо БАЛЬДАНЦИ 7:
Дибала ўрнига майдонга тушган Бальданци рақибдан тўпни олиб қўйиш устаси эканини кўрсатиб, мухлислар олиқишига сабабчи бўлди.
Элдор ШОМУРОДОВ 6,5:
Артём Добвик ўрнига майдонга тушиб, атиги бир неча дақиқа ўйнаган бўлса-да, ҳар бир тўп учун курашишга ҳаракат қилди. Шомуродов бугунги ўйинидан жамоани тарк этиши керак бўлган ўйинчига ўхшамади.
Клаудио РАНЬЕРИ 8:
Раньери бешта дербининг ҳаммасида ғолиб чиқди. Бу галги ғалабага таркиб танлаш, стратегия ва хотиржам ёндашув асос бўлди. “Рома” катта бурилишга юз тутмоқда...
Таъкидлаш жоизки, 29 ёшли Элдор Шомуродов қишки транферлар вақтида “Рома”ни тарк этиши кутилмоқда. Элдорга “Комо”, “Кальяри”, “Эмполи”, “Венеция” ва “Торино” каби жамоалар жиддий қизиқяпти.
Фикрлар