Кевин де Брюйне бошқа жамоага ўтишга розилик берди

Бельгия терма жамоаси ва “Манчестер Сити” клуби плеймейкери Кевин де Брюйне бошқа жамоага ўтиши кутиляпти.

Таниқли журналист Руди Галеттининг маълум қилишича, 33 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи Саудия Арабистонига кўчиб ўтишга тайёр. Манбага кўра, “Ал-Иттиҳод” машҳур футболчининг ҳамкорлик бўйича розилигини олган.

Энди икки клуб трансфер масаласида ўзаро келишиб олиши керак. Кевиннинг “шаҳарликлар” билан шартномаси келаси йил ёзда якунланади. Шу боис, “Ал-Иттиҳод” ўйинчига эгалик қилиш учун манчестерликларга бадал пули тўлаши керак.

Кевин де Брюйне “Манчестер Сити”да 2015 йилдан бери ўйнаб келяпти. Бу вақт мобайнида у барча турнирларда 382 та учрашув ўтказиб, 102 та гол ва 170 та ассист муаллифи бўлди.

Transfermarkt портали экспертлари тажрибали ярим ҳимоячини 50 миллион еврога баҳоламоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!