Кичкина клуб “Бавария” ва “Барса”ни “ухлатди”

Бундеслиганинг камтар клубларидан бири “Фрайбург” бир неча гранд клублар, хусусан, “Бавария”, “Барселона” ва “Тоттенхэм” нишонида турган Матиас Гинтерни қўлга киритишни  уддалади.

Германия терма жамоаси аъзоси бўлган Гинтернинг “Боруссия Мёнхенгладбах” клуби билан амалдаги шартномаси мавсум охирида якунланади. 28 ёшли тажрибали ҳимоячини бир неча клублар ўз сафига чорлаётган эди.

Гинтер марказий ҳимоядан ташқари, таянч зона ва ўнг қанотда ишончли ўйнай олади.

Универсал футболчининг “Фрайбург”ни танлагани бежиз эмас. Чунки у айнан мана шу клуб тарбияланувчиси ҳисобланади.

Маттиас мёнхенгладбахликлар сафига ўтгунча уч йил давомида Дортмунднинг “Боруссия”си шарафини ҳам ҳимоя қилган.

Гинтер жорий мавсумда Бундеслигада 27 та учрашувда қатнашиб, битта гол уришга муваффақ бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!