Ким кучли? Ҳусановни қозоқ футболчиси билан таққослашди

  • 24 ноябрь, 07:07
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Жаҳон спортида мамлакатларни ва спортчиларни бир бирига солиштириш одатий ҳол ҳисобланади. Хусусан, футбол оламида “Криштиану Роналду зўрми ёки Лионель Месси?” деган савол охирги 15 йилда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бирига айланди.

Tecno

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг спортдаги турли кўрсаткичлар бўйича ўзаро таққосланиши ҳам янгилик эмас. Кейинги пайтда ушбу қўшни мамлакатларнинг футболида жиддий ўсишлар кузатилмоқда.

Кейинги пайтда икки мамлакатнинг ёш футболчилари – Абдуқодир Ҳусанов ва Дастан Сатпаевни солиштириш урфга кирди. Сабаби оддий – ҳар икки ўйинчининг иқтидори ва салоҳиятини энг мураккаб чемпионат – Англия Премьер-лигаси грандларидан “Манчестер Сити” ва “Челси” томонидан эътироф этилган.

Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг 20 январида Франциянинг “Ланс” клубидан Хосеп Гвардиола жамоасига 40 миллион евро эвазига трансфер қилинган бўлса, орадан бир мунча вақт ўтиб, “Челси” вакиллари “Қайрат” тарбияланувчиси Дастан Сатпаев билан шартнома тузди ва уни ўйин амалиётига эга бўлиши учун қозоқ жамоасида қолдирди.

Россиялик таниқли мураббий Виктор Кумиков бу икки футболчидан қайси бири кучлироқ экани ҳақидаги саволга жавоб берди. Бу мутахассис ўз даврида Ўзбекистонда “Машъал”, “Насаф”, ОТМК ва “Андижон” жамоаларини бошқарган. Қозоғистон чемпионатида “”Есиль”, “Елимай”, “Қайсар”, “Шахтёр”, “Ордабаси”, “Атирау” ва “Қайсар” клубларида ишлаган. Ҳар икки мамлакат футболини ичидан билади.

- Аввало, бу икки футболчини солиштириш тўғри бўлмайди. Биринчидан, улар турли позицияларда ўйнайди. Иккинчидан, Ҳусанов анча тажрибали футболчи ва бир неча йилдан бери хорижда тўп тепяпти.

Сатпаев эса, ҳали умид уйғотаётган футболчи ҳисобланади. У фақат Қозоғистонда ўйнаяпти. Ҳар иккисига ҳам омад тилайман, - деди Виктор Кумиков.

Эслатиб ўтамиз, 21 ёшли Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ профессионал фаолиятини тўлиқ хорижда ўтказиб келмоқда. У профессионал футболчи сифатида Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида шаклланди.

2023 йилнинг ёзида ўша пайтдаги Франция вице-чемпиони “Ланс” клубига трансфер қилинди. Ҳусанов ушбу мамлакат чемпионатида иштирок этган ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади.

“Ланс”даги ўйинлари билан Европанинг гранд клублари эътиборини қозонди. 2025 йилнинг январида “Манчестер Сити” ўзбек футболчисини ўз сафига қўшиб олди. Шу тариқа, Абдуқодир Англия футболида профессионал даражада майдонга тушган ва гол урган биринчи ўзбекистонлик ўйинчига айланди.

Ҳусанов ҳозирга қадар клублар миқёсида жами 85 та учрашувда иштирок этиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари рақиблар дарвозасига бешта тўп киритган ва жамоадошларига беш марта голли пас узатган.

2023 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 24 та учрашувда майдонга тушган.

17 ёшли Дастан Сатпаев эса, “Қайрат” клуби тизимида тарбияланган ва жорий йил бошида асосий жамоага қабул қилинган. Ёш ҳужумчининг иқтидорини пайқаган “Челси” клуби бу ўйинчи учун “Қайрат”га 2,4 миллион евро тўлади.

Сатпаев 2026 йилнинг ёзида Англияга боради ва “Челси”нинг 21 ёшгача бўлган футболчилардан тузилган таркибига қўшилади.

Дастан клублар миқёсида турли даражада ва турнирларда 78 та учрашувда қатнашиб, ўз ҳисобига 47 та гол ва 18 та ассист расмийлаштирган. Бу йилдан Қозоғистон миллий терма жамоасига жалб қилинаётган марказий ҳужумчи халқаро миқёсда олтита баҳсда битта гол урди.

Шомуродов жамоани якка ўзи елкасида кўтариб келяпти...

Яна қанча гол керак? Шомуродов энди ҳақиқий тўпурарлигини исботлаяпти...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!