Ким кучли: Кумиковми ёки "Андижон"ми? Ёхуд матбуот анжуманида нималар айтилди?
“Машъал” – “Андижон” (1:2) ўртасидаги учрашувдан кейин матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда дастлаб жамоамиз бош мураббийи Виктор Кумиков қатнашди.
- Виктор Балютович, “Машъал”га қарши ўйин ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Тақдим этилган оғир ўйинни ўтказдик. Сабаби 3 кун олдин Ўзбекистон Кубогида АГМК билан қийин учрашувни ўтказиб йўлга чиққандик. Асосийси, ютишимиз керак эди. Яхши ўйнаяпмиз ва охиригача ҳаракат қиляпмиз. Биринчи бўлимда яхши ўйин намойиш этдик. Иккинчи бўлим ўрталарида толиқиш сезилди. Ҳатто, ўйинчи алмаштиришлар ҳам ёрдам бермади. Майли, Худога шукрки, ғалабани қўлга киритдик.
- Ўйиннинг соат 17:00 га белгиланганига муносабатингиз қандай? Бу қўшимча қийинчилик туғдирдими?
- Жуда иссиқ бўлди. Гўёки, июнь ойидагидек. Сентябрда ҳаво бир мунча яхшироқ бўлади, деб ўйлагандик. Бундай ҳароратда ўз майдонимизда 5 та оғир ўйинларни ўтказдик. Кейинги тур 10 сентябрда бўлади ва ўйин 19:00 га белгиланибди. Яхши, биз биринчи марта мана шундай вақтда ўйнаймиз экан.
- Ўйин мобайнида футболчиларингиз майдонда вақт чўзишгандек бўлди. Бунга фикрингиз қандай?
- Мен сизларга тушунтирдм, 3 кун олдин оғир ўйинни ўтказдик ва яна дарҳол йўлга чиқдик. Қаршига ярим кечаси етиб келдик. Бундай ҳолатда тикланиш қийин. Ўйин охирига қадар ҳисобни ушлаб қолишга мажбур бўлдик. Албатта, футболчиларга бундай ўйнаш ҳақида айтмагандим. Улар жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб ҳаракат қилишди.
- Сиз олдин “Машъал”ни бошқаргансиз. Собиқ шогирдингиз Дилявер Ваниев қўл остингизда ўйнаган ва у энди “Машъал”ни бошқаряпти. Умуман олганда, “Машъал”ни эслаб турасизми?
- Ҳа, ўйиндан олдин ташқарида ўтириб эсладик. У пайтлари футболчилар жуда кучли бўлишган. Ақлли ва тажрибали эдилар. Айтилган вазифаларни тўғри бажаришган. “Машъал”да энг зўр пайтларни ўтказганмиз. Баҳром Байжанович Давлатов директор вазифасида ишлаган. Барчаси жойида бўлган. Ташкилий масалаларда ҳам ҳеч қандай муаммолар бўлмаган. Фақат майдонга чиқиб ўйнаш керак бўлган.
- Богдан Миличга кўп эътирозлар билдирдингиз. У ишончни оқладими?
- Ҳеч қандай эътирозим бўлмади. Ўйин давомида кўп югурди, чарчади. Натижада тўп йўқотишни бошлади. Шундан сўнг уни алмаштирдим.
- Шаҳбоз Эркинов алмаштирилаётганида сариқ карточка олди. Бу асосли эдими? Фикрингиз қандай?
- Бу ҳолатни мен ҳам тушунмадим. У захира ҳакамининг алмаштиришини кутди. Тўртинчи ҳакам кўрсатиши керак эди. Ахир Шаҳбоз Эркинов кимни алмаштирилаётганини билмайди-ку.
- Виктор Кумиков кучлими ёки “Андижон”ми?
- Биз ишонч билан биринчи ўринни эгаллаб турибмиз. Янада яхшироқ ўйнашимиз керак. Биз ўйинларимизни гоҳида зўр, гоҳида ёмонроқ ўтказяпмиз. Барча ўйинларимиз бир хил эмас. Шундай бўлса-да, биринчи ўриндамизми, демак жамоа кучли, албатта, про лига учун. Суперлигага чиқсак, табиийки бошқача ўйин қиламиз. Тезкор жамоа тузамиз.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар