"Кимдир кубокни ютасан, деса ишонмасдим, бу фантастика". Олег Зотеевни 4 та клуб ўз сафида кўрмоқчи
Жанубий Кореядан келган хушхабар барчамизни хурсанд қилди. К2 лигада “Чоннам Драгонс” шарафини ҳимоя қилаётган Олег Зотеев бугун Корея кубоги финалининг жавоб баҳсида “Тэгу” устидан муҳим ғалабани қўлга киритди. Легионеримиз ўйинда чиройли голи билан жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди.
33 ёшга қадам босаётган Зотеев учун бу легионер сифатида қийин чемпионатда совриндор бўлиши катта гап. Учрашув тугаганидан кейин биз дарҳол Олег билан боғландик.
У жамоаси билан автобусда уйга қайтаётганига қарамасдан, Sports.uz учун вақт ажратиб, финалдаги ғалаба ҳақида эксклюзив тарзда суҳбатлашишга рози бўлди.
- Олег, сизни ва жамоангизни ажойиб ғалаба билан табриклаймиз. Легионер сифатида биринчи совринга эга чиқдингиз. Финал ҳақида қандай таассуротлар қолди?
- Ассалому алайкум. Табригингиз учун раҳмат. Бугун муҳим ўйинни ютиб, Корея кубогини қўлга киритдик. Ўйинга келсак, биринчи учрашувда ўз майдонимизда 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйгандик. Ўшанда ўйин бўйича ютқазмагандик. Фақат натижа ўхшамаганди. Дуранг бўлиши керак эди. Пенальтидан гол ўтказиб юборгандик. Икки ҳафтадан кейин, мана бугун иккинчи ўйин бўлди. Учрашувга жиддий тайёргарлик кўргандик. Яхши хаёл ва кайфият билан майдонга тушдик ва камида иккита гол уришимизга ишонгандик. Худога шукр, учта гол ўтказган бўлсак-да, тўртта гол уришга муваффақ бўлдик. Ҳозирги ҳиссиётларимиз умуман бошқача. Кореяда иккинчи йил ўйнадим ва кубокни ютдим. Буни фантастика деса бўлади. Ўзимга ҳам кимдир бир йил олдин ёки шу йили кубок ютасан, деса ишонмасдим. Биз К2 лигасида ўйнасак ҳам кубок йўлида К1 лигасининг тўртта клубини мағлуб этдик.
Легионер сифатида биринчи марта четда ўйнадим ва кубокка эришдик. Жуда хурсанд бўлдим. Худога шукр келтиришим керак. Қийин мавсумни ўтказдим. Жароҳат олдим. Сафга қайтганимдан сўнг, аста-секин формамни тиклаб бордим. Бугунги ўйин ниҳоятда қизиқарли ўтди. Стадион мухлислар билан тўлди. Майдон сифати ҳам аъло даражада. Бугунги рақибимиз Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайди, ўйинчиларининг савияси юқори. Мана, ҳозир учрашувдан кейин эшитиб турибманки, ўйин ҳаммага ёқди. Мухлисларда яхши таассурот қолдирибди. Очиқ футбол бўлди. Жамоалар кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Бундай ўйин ҳаммага ёқади.
- Голингизни ҳам кўрдик, ўйинни безагига айланди, шекилли. Бу фаолиятингиздаги энг муҳим голми? Умуман, бугун финалда урган голингизни қандай таърифлайсиз?
- Адашмасам, 2012 йилда олимпия терма жамоамиз таркибида Австралия дарвозасига гол ургандим. Афсуски, Олимпиадага чиқа олмагандик. Аммо ўша голим доим хаёлимда эди. Энди бўлса, Австралияга урган голим иккинчи ўринга тушди. Биринчи ўринга бугунги финалда киритган голимни айта оламан. Буни ҳеч қачон унутмайман. Чунки бугун урган голим жамоамга кубокни келтирди. Шунинг учун бу голим ҳаётимдаги энг муҳими, деб ўйлайман. Шу интервьюдан фойдаланиб, оила-аъзоларимга катта раҳматимни айтмоқчиман. Жароҳат олган чоғимда улар ёнимда туриб, мени руҳий тарафдан қўллаб-қувватладилар.
- “Чоннам Драгонс” К2 лигада иштирок этди ва Кубокни ютди. Айтинг-чи, аслида жамоангизнинг кубокни ютиш нияти бормиди ёки барчаси кутилмаганда юз бердими?
- Ҳа, биз К2 лигасида 4-ўринни олдик. Плей-офф баҳсигача етиб бордик. Мақсадимиз ҳам шу эди. Аммо Кубокни ютиш вазифамиз бўлмаган. Лекин шунақа бўлиб қолдики, Кубокни ҳам ютишга эришдик. Рости, сеткамиз жуда қийин эди. К1 нинг тўртта энг кучли жамоалари – “Сувон”, “Похан Стилерс”, “Ульсан Хюндай” ва “Тэгу”га қарши ўйнадик. Омадимиз келди. Яна такрорлайман: Кубокни ютиш мақсадимиз йўқ эди.
- Бундай ажойиб ғалабадан сўнг мавсумдан тўла қониқиш ҳосил қилдингизми?
- Албатта. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ниҳоятда хурсандман, қониқмай бўладими? Бу ёшимда легионер бўлиб ўйнаш ва кубокни ютиш – бу шунчаки фантастика! Ҳозир мен учун жуда ажойиб вақт. Ўзбекистон кубогини ютганман, энди менда Кореяники ҳам бор. Худога шукр. Энди тарихга кирдик.
- Жамоангиз билан 2022 йилги Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритдинглар. Бу катта гап! Энди “Чоннам Драгонс”да қоласизми? Қанақа режаларингиз бор?
- Клубим мени қолишимни 100 фоиз хоҳлаяпти ва тайёр шартномани ҳам берди. Лекин ҳозирча “Чоннам Драгонс” билан янги шартномага қўл қўймадим. Сизга икки ой олдин айтгандим, чемпионат тугаганидан кейин уйга бораман ва оиламда бироз муаммо бор. Шуни ҳал қилиб олганимдан сўнг Кореяда қолишим ёки қолмаслигимни муҳокама қиламан.
- Тушунарли, аммо жамоангиз сизга тўлиқ ишоняпти ва ўзингиз айтганингиздек, 100 фоизли шартнома ҳам тутқазибди. Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаш учун бу сизга яхши имконият. Балки буни қўлдан чиқариб юбормаслигингиз керакдир?! Ёки олдингизда сизни яна ўйлантириб қўйган янги таклифлар ҳам борми?
- Тўғрисини айтсам, шу ёшимда Осиё Чемпионлар лигасига йўл олганимиз ва яхши шартнома беришаётгани ажойиб. ОЧЛда ҳар доим ҳам ўйнаш насиб қилавермайди. Ҳамма клуб ҳам у ерда ўйнай олмайди, жуда қийин. Лекин яширмайман, бу йил жуда чарчадим. Икки ҳафта дам олишим керак. Кейин тоза хаёл билан ўйлаб бир қарорга келаман. Ҳозир менга тўртта клубдан жиддий қизиқишлар бор.
- Ушбу қизиқишлар Кореяданми ёки бошқа мамлакатларданми?
- Сиз биринчи биласиз. Фақат ҳозир бу сир бўлиб турсин. Икки ҳафтадан кейин телефон қилиб, аниғини айтаман.
- Келишдик. Ҳозир автобусда уйга қайтяпсизлар, шекилли-а?
- Ҳа, автобусдамиз. Яна 40 дақиқача вақт қолди. Ҳозир базага кетяпмиз, у ерда банкет бўлади.
- Суҳбат учун раҳмат...
- Сизга ҳам раҳмат. Йил давомида мен билан боғланиб, ҳол-аҳвол сўраб турганингиз учун ташаккур.
Фикрлар