Клопп “Реал”ни қабул қилиб, ёзда Мадридга Холандни олиб келади
“Реал” хўжайини Флорентино Перес ўзи анчадан бери мўлжаллаб юрган режани амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Клуб раҳбари жамоа таркибида Эрлинг Холандни кўришни истайди.
Бундан ташқари, Перес жамоа бошқарувига Юрген Клоппни олиб келишни мақсад қилган. Унинг орзуси рўёбга чиқиб, ёзда немис мутахассиси ҳам, норвегиялик тўпурар ҳам “Реал”да бирлашиши мумкин.
El Nacional нашрининг маълум қилишича, Юрген Клопп яна мураббийлик ишига қайтиши ва ёзда “Реал”ни қабул қилиб олиши мумкин. Экспертларнинг таъкидлашича, агар тажрибали мутахассис жамоада иш бошласа, “Қироллик клуби” учун Эрлинг Холанд асосий трансфер нишонига айланади.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Клоппнинг ўзи ҳам “Манчестер Сити” юлдузи билан боғланиб, “Реал”да ҳамкорлик қилиш бўйича суҳбатлашган ва уни Мадридга кўчиб ўтишга кўндиришга уринган.
Эрлинг Холанд “Манчестер Сити”га 2022 йилнинг ёзида Дортмунднинг “Боруссия” клубидан 60 миллион евро эвазига ўтган. Унинг шартномаси 2034 йилнинг 30 июнгача амал қилади.
Жорий мавсумда у “шаҳарликлар” сафида барча мусобақаларда 33 та ўйинда иштирок этиб, 27 та гол урди ва тўртта голли узатма берди.
Фикрлар