"Клубдан кетганим рост, олдига мақсад қўйган жамоа юлдузли таркиб йиғиши шарт эмас" - Шохруз Норхонов
Янги мавсум олдидан “Нефтчи” таркибида жиддий ўзгаришлар юз бераётганидан яхши хабардорсиз.
Бир қатор янги ўйинчилар таклиф қилиняпти. Шунингдек, жамоани тарк этаётган футболчилар бор.
“Нефтчи” билан хайрлашган футболчилар орасида ҳужумчи Шохруз Норхонов ҳам бор. Sports.uz мухбири Норхоновдан интервью олди.
- Шохруз, "Нефтчи"ни тарк этганингизни эшитдик. Клуб янги шартнома таклиф қилмадими ёки ўзингиз шуни истадингизми?
- Ҳa, “Нефтчи”ни тарк этганим рост. Ўзим шуни истадим.
- "Нефтчи"да ўтказган бир йиллик фаолиятингиз сизда кўпроқ нимаси билан эсда қолди?
- Бу йил клуб билан ажойиб мавсумни ўтказдик. Бир бир оила бўла олдик. Мураббийлар ва футболчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- 21 та ўйинда 4 та гол урдингиз. Албатта, ҳужумчи сифатида бу сиз учун кам. Сизнингча, голлар нега камроқ бўлди, деб ўйлайсиз?
- Тўғри, ҳужумчига бу кам ҳисобланади. Айрим вақтларда жароҳат олдим ва рақобат ҳам бизда бу йил анча яхши эди. Агар менга кўпроқ ишонч билдирилганида бошқача бўлиши ҳам мумкин эди.
- "Нефтчи"ни сизлардан қарздорлиги борми?
- Ҳа, қарздорликлар бор.
- Клуб янги мавсум учун бир қатор жиддий трансферларни амалга оширяпти. Янги келаётган ўйинчилар сизни ҳайрон қолдирмадими? Умуман, фикрингиз қандай?
- Ҳа, эшитдим. Яхши ўйинчилар келишяпти. Олдига мақсад қўйган жамоа юлдузли таркиб йиғиши шарт эмас. Футболчиларни тўғри ўйната олса бўлгани.
- Янги мавсум учун режаларингиз қандай? Сизни "Бухоро"га қайтишингиз мумкинлиги ёки четга кетишингиз ҳақида эшитмоқдамиз. Олдингизда аниқ қандай вариантлар бор?
- Ҳа, эшитганингиз ҳақиқатга яқин. Ўзбекистонда қолишим ҳам ёки легионер бўлишим ҳам мумкин. Ҳали аниқ эмас. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Жамоани бу йилги таркиби ҳам яхши эди. Бироқ мақсадига эриша олмади. Бунга нима сабаб, деб ўйлайсиз?
- Тўғри, бизда бу йил кучли таркиб бор эди. Қаердадир хатоликларга йўл қўйдик ва медаллардан қуруқ қолдик. Лекин мураббийлар ва футболчилар охирги тургача мақсад учун курашдик. Шу ўринда “Нефтчи” мухлисларига ҳам раҳмат айтаман. Қандай натижа бўлишидан қатъий назар биз билан бирга бўлишди.
Фикрлар