"Клубдан кетишимга мураббийнинг менга бўлган ишончсизлиги 99 фоиз роль ўйнади, "Қайрат" таклифи ҳақида кўп ўйлаб ўтирмадим" - Иброҳимхалил Йўлдошев
2021 йил ярмида Россиянинг “Нижний Новгород” клубига кўчиб ўтган ҳамюртимиз Иброҳимхалил Йўлдошев куни кеча Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоаси аъзосига айланди. Барча расмиятчиликлар ҳал этилгач, Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Йўлдошев билан суҳбатлашди.
- Иброҳимхалил, дастлаб “Нижний Новгород”дан кетишингиз ҳақида сўрамоқчиман. Нима бўлди? Бир неча мавсум ўйнадингиз. Бизга ҳаммаси кўнгилдагидек ўхшаганди...
- “Нижний Новгород”дан кетишим тўғрисини айтсам, чўзилиб ҳам кетди. Ёзда кетишни режа қилгандим. Фақат айрим менга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яна қолдим. Менинг ўйиним ва менинг кучим ўйинга бўлган иштиёқим захирада ўтириш учун эмас. Менга авваламбор ўйин амалиёти ва тажриба керак. Буни менга фақат Александр Кержаков қилиб бера олди. Қолган мураббийлардан менга бўлган бундай ишончни кўрмадим, аммо мухлислар ишончини қозондим, деб ўйлайман. Нима бўлган тақдирда ҳам РПЛда кўп яхши футболчилар билан тўп суриш насиб қилди. Ўзим учун анча тажриба йиғдим ва ўсиш даражам кўтарилди. Шунинг учун тўхтаб қолмасдан ўсишда давом этишни танладим. Бошқа чемпионатларда ҳам ўзимни синаб кўрмоқчиман.
- Сергей Юран билан муносабатингиз қандай эди? Бирданига сиз ҳам, Руслан Жиянов ҳам кетди. Ёки мураббий ортиқ ишонч билдирмадими?
- Сергей Юран билан муносабатларим оддий. Икки инсон бир ишда ишлаган инсонлардек. Яқин ҳам эмасман. Клубдан кетишимга унинг менга бўлган ишончсизлиги 99 фоиз роль ўйнади. Мен бу мураббийга ёқмадим. Албатта, ҳамма мураббийни ўз танлови бор. Менга ишонган ва мендан катта натижалар кутган мураббий билан ишлашни интизорлик билан кутмоқдаман. Менга ишонган мураббий менга катта мотивация беради. Албатта, ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Менга ишонмаган мураббий билан мен ҳам ишлашни хоҳламайман.
- “Қайрат”га ўтишингиз қандай содир бўлди?
- “Қайрат”га ўтишим тўғрисини айтсам, ўзимга ҳам кутилмаган таклиф бўлди. Аммо барча шартлар менга маъқул келди. Ҳозирда мақсадим кўпроқ ўйнаб, тажриба йиғиш. КПЛ менга янгилик бўлди ва бу ерда ҳам ўзимга керакли тажрибаларни олиш, ўзимни бошқа чемпионатда синаб кўриш имконияти менга ёқди. Кўп ўйлаб ҳам ўтирмадим. Икки кунда розилигимни агентларимга айтдим. Олдинда Осиё ўйинлари бор. Менга ҳозир ўйин амалиёти ва тажриба зарур. Бу ерда албатта шу тажрибани олишимга ишонаман. Қолаверса, янги жамоада мени кутиб олишгани, мени худди анча йилдан бери шу ерда ўйнаётгандек, оила-аъзосидек қабул қилишгани, файзли муҳит менга янада куч ҳамда мотивация беради.
- Россияда қолишингиз ҳам мумкинмиди? Ёки бошқа мамлакат футболида ўйнашни истадингизми?
- Албатта, қолишим мумкин эди. Шартномам 2025 йилгача эди. Лекин боя айтганимдек, тажрибасиз ва захира ўйинчиси бўлиб ўтириш менга тўғри келмайди.
- Сизни “Навбаҳор”га ўтишингиз ҳақида ҳам эшитгандим. Бу ростмиди ва нега амалга ошмади?
- “Навбаҳор”га ўтиш таклифи бўлди ва “Пахтакор”га ҳам. Мен ҳозирча бошқа чемпионатларда ўйнашни хоҳлаганим учун бу таклифларни рад қилдим. Тўғриси, Ўзбекистон клубига ўтиш ниятим ҳозирча йўқ. Балки кейинчалик бошқа давлатларда ўйнаб, катта тажрибага эга бўлиб, қайтиб қолсам албатта ўйлаб ўтирмасдан “Пахтакор”га ўтаман. Чунки бу клубнинг тарбияланувчисиман.
- “Қайрат”га қачон қўшиласиз? Қайси рақамни танладингиз?
- “Қайрат”га қўшилдим. Тиббий кўрикдан ҳам ўтдим, шартнома ҳам имзоладик. Машғулотларни бошладик. Олдинда бизни 2 ҳафтадан кейн Абу-Дабида йиғин кутмоқда. У ерда РПЛнинг “Спартак”, “Ростов” ва БААнинг “Шабаб Ал Ахли” клуби билан кичик турнир бўлиб ўтади. “Қайрат”да бошқача муҳит кўрдим. Очиғи, меҳмондўст, мени илиқ кутиб олишди. Бу ерда Худо хоҳласа, бор кучимни, сифатларимни кўрсатиб, юқорига ўсишга ҳаракат қиламан. Бу клуб ҳам менга анча ёрдам бера олади, деб ўйлайман. Клубда 3-рақамни олдим. Биринчи бўлиб 6-рақамни олмоқчи эдим. Аммо банд бўлгани учун 3-рақамда ўйнайдиган бўлдим.
- “Нижний Новгород”да сиз энг яққани ва унутилмас жиҳат нимада бўлди?
- “Нижний Новгород”да менга энг ёққани бу Нижний Новгород стадиони бўлди. Бу стадион жаҳон чемпионати учун қурилганлиги боис жуда ҳам аъло даражада ишланган. Жаҳон футболи юлдузлари бу ерда тўп суришгани ва мен ҳам шу ерда голлар урганим, мен учун эсда қоларли бўлди. Шахари ҳам чиройли.
- Олдинги мураббийингиз Александр Кержаков билан гаплашиб турибсизми?
- Тўғриси, у билан анчадан бери гаплашгим келади. Уни кўп эслайман. Мен учун Александр Кержаков энг кучли мураббийлардан бири. Чунки мени “Нижний Новгород”га шахсан ўзи телефон қилиб чақирган. Менга ишонч билдирган. У ерга бориб икки кун машғулот ўтказгач, мени ўйинга қўйган. Бу футболчига нисбатан катта ишонч деганидир. Лекин у билан ҳали гаплашганим йўқ. Фақат менда рақами бўлмагани учун ҳали гаплаша олмадим, аммо топиб суҳбатлашишга ҳаракат қиламан.
- Охирги савол. Терма жамоамизни илк турдаги ўйинига фикрингиз қандай ва имкониятларини қанақа баҳолайсиз?
- Терма жамоамиз биринчи учрашувда яхши ҳаракат қилди. Креативлик бўлди ва ҳужумларга бой ўтди. Сурия терма жамоаси ҳимояда яхши ўйнади, ҳар бир позицияда. Фақат биз гол ура олмадик. Вазиятлардан фойдалана ололмадик. Лекин жамоамизни ўйини менга ёқди. Фақатгина голли имкониятларда озгина совуққонлик етишмади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар