Клублар 10 январга қадар ўз футболчи ва мураббийлари билан ҳисоб-китоб қилиши керак. Акс ҳолда...

Клуб футболчи ва мураббийлар билан 10 январга қадар тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши керак. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати маълумот берди.

ЎФА Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмитасининг 2023 йил 15 декабрдаги 12-03-сонли йиғилиши баёнига мувофиқ футбол клублари футболчилар ва мураббийлар олдидаги қарздорлигини 2024 йилнинг 10 январига қадар тўлиқ бартараф этиши ҳамда буни тасдиқловчи ҳужжатларни ЎФАга тақдим этиши керак.

Мазкур муддатга қадар қарздорликни тўлиқ бартараф этмаган футбол клубига нисбатан қишки трансфер ойнаси билан боғлиқ санкциялар қўлланади. Бу ҳақда ЎФА футбол клубларини расман бохабар қилди.

Маълумот учун, 2023 йил якунига етиб бораётган бўлса-да, айрим футбол клублари футболчилар ва мураббийлар олдидаги қарздорлигини бартараф этмаган.

Ваҳоланки, лицензиялаш бўйича регламентнинг Ф.04-бандига асосан футбол клуби ўзининг жорий/собиқ футболчиси ҳамда мураббийи олдидаги қарздорликни ўз вақтида бартараф этиши, шунингдек, қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги декларацияни Лицензия берувчи органга тақдим этиши лозимлиги белгиланган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!