Клубсизликдан асосий таркибгача! Нидерландия дарвозабонининг тубдан ўзгарган фаолияти ҳақида
Нидерландия 2018 йилни Жаҳон чемпионатисиз ўтказган эди. 2022 йилга келиб таркибда катта ўзгаришлар рўй берди. Шунингдек, Сенегалга қарши асосий таркибда Андреас Ноппертнинг майдонга тушиши футбол мухлисларини бироз ажаблантирди, Сабаби, у фаолияти давомида бирор марта номдор клубда тўп тепмаган ва ҳозир ҳам Нидерландиянинг “Ҳеренвен” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Энг қизиқарлиси, дарвозабон бир пайтлар клубсиз қолиб кетган ва футболдан воз кечиши ҳам мумкин бўлган. Ҳўш, у қандай қилиб терма жамоанинг асосий посбонигача бўлган йўлни босиб ўтди?
Нопперт 2014 йилда фаолиятини бошлаган ва “НАК Бреда” клубида заҳира дарвозабони бўлган. 2018 йилгача у 7 та ўйинда майдонга тушган. Қаҳрамонимиз ўша йили Италия “Б” серия вакили бўлган “ФК Дордрехт” жамоасига ўтади. Аммо у жойда ҳам омади чопмади. 2020 йилга келиб Нопперт клубсиз қолиб кетди. Ўша вақт давомида у футболни тарк этиши мумкин эди. Унга бошқа ишлардан таклифлар ҳам келган, лекин у футболни ташламади. Андреас бир йилдан сўнг “Го Аҳеад Эаглес”га ўтади ва аста-секинлик билан фаолиятини тиклай бошлади. Ушбу мавсум бошида эса “Ҳеренвен” жамоасига келиб қўшилди ва клубнинг асосий таркиб дарвозабонига айланиб олди. Унинг истеъдодини Луи ван Гал сезди ва Ноппертни ЖЧ-2022га борадиган таркибга қўшди. Бу чақирув унга Нидерландия терма жамоа либосида биринчи марта майдонга тушиш имконини берди. Дебютида ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмади ва учрашувнинг энг яхшиларидан бири бўлди.
Айни пайтда "Херенвен" жамоаси Нидерландия чемпионати турнир жадвалида 8-ўринда бормоқда. Ортда қолган 14 турда у ўз дарвозасидан 13 та гол олиб чиққан. Бу борада фақатгина "Твенте" клуби дарвозабони Ларс Уннершталл ундан яхшироқ кўрсаткичкга
эга (9 та гол).
Қаҳрамонимиз 2 йил олдин клубсиз юрганди ва футболни тарк этиши ҳам мумкин эди. Ҳозир у Жаҳон Чемпионатида юлдузларга тўла Нидерландия дарвозасини қўриқламоқда. Унинг ўзи ҳам энди юлдуз. Футболда вазият тез ўзгаради. Иқтидор ҳам абадий эмас ёки у ҳам айрим паллаларда ёрдам бера олмайди. Бироқ тинимсиз меҳнат ҳамда ирода инсонни ютуқлар томон етакловчи омил ҳисобланади. Ҳар қандай ишда ва ҳар қандай ҳолатда.
Фикрлар