Конор Макгрегор “монстр” деб атаган йигит BKFC да жанг қилади

  • 11.02.2026 23:12
  • Javohir Malikov
  • 0
  • MMA

31 ёшли нидерландиялик курашчи ва аралаш жанг санъатлари вакили Гзим Сельмани 2026 йил 14 март куни қўлқопсиз жанглар лигаси — Bare Knuckle Fighting Championship (BKFC)да дебют қилади. Унга ўша куни яна бир дебютант — Даниэль Кёртин рақиблик қилиши белгиланган.

Гзим Сельманининг BKFC билан шартнома имзолагани ва яқинлашиб келаётган дебюти ҳақида лиганинг ҳамасосчиси, UFC афсонаси Конор Макгрегор расман маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода ирландиялик жангчи янги оғир вазнли спортчини ҳиссиётларга бой, қўпол ифодалар билан таништириб, уни “йўқ қилиш учун яратилган монстр” дея таърифлади ҳамда WWЕ дан BKFC га ўтиш жараёнининг рамзий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

WWЕ даги фаолияти давомида Гзим "Резар" тахаллуси остида жанг қилган ва “Оғриқ муаллифлари” жамоаси таркибида чиқиш қилиб, ушбу промоушенда жамоавий чемпион унвонини қўлга киритган.

Сельмани жанг санъатларидаги йўлини тўрт ёшида дзюдо билан бошлаган, 12 ёшида кикбоксингга, 15 ёшида эса ММАга ўтган. Профессионал фаолиятида у ММАда 4 ғалаба ва 2 мағлубият қайд этган, жумладан Bellator лигасида ҳам жанг қилган. Шунингдек, у бир кечада ўтказилган кикбоксинг турнирида кетма-кет саккизта ғалабага эришган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!