"Кўп клубларимиз ногирон, уларга кимдир қараб турмаса, кимдир пул бериб турмаса, очидан ўлади". Диёр Имомхўжаев нега бундай деди?
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Диёр Имомхўжаев футболчи ва клуб томонидан имзоланган шартномаларни икки томонлама бекор қилиш давлатнинг, халқнинг пулини “чўнтакка уриш” эканини айтди.
"Ҳа, аслида бунга клубларнинг ҳаққи бор. Буни тақиқлашга эса ЎзПФЛнинг ҳаққи йўқ. Аммо учинчи масалани ҳам унутмаслик керакки, ўртада давлатнинг ёки халқнинг пули турибди. Шундан келиб чиқилса, бу ишларда назорат бўлиши керак.
Ҳолатни тушунтираман. Сизда яхши футболчи бор, айтайлик, у Тошкентнинг ёки хорижнинг бирор клубига йўл олмоқчи. Ўша жамоа эса, футболчини эҳтимолий трансферидан арзонроққа қўлга киритмоқчи. Бунда футбол агентлари асосий ролни ўйнаб беришади. Яъни, шундоқ ҳам кетишни истаётган футболчи номидан сизга “совчи” бўлиб келишади.
Демак, келишув асосида сиз футболчи билан шартномани бекор қилиб берасиз. Футболчи рози, у яхшироқ клубга осон кетяпти. Сиз рози, агентлар орқали улушингизни олдингиз. Олаётган клуб рози, мақсадига етишди. Аммо футболчини тарбиялаган клубга ҳеч нарса йўқ. Клубларда футболчиларини коронавирус тестидан ўтказиш учун ҳам пул йўқ. Кўп клубларимиз ногирон, уларга кимдир қараб турмаса, кимдир пул бериб турмаса, очидан ўлади", - деб ёзади Имомхўжаев ўз телеграм саҳифасида.
Фикрлар