Куман "Барселона"даги илк совринини қўлга киритди, Месси эса яна бахтиёр
Хабарингиз бор, "Барселона" Испания кубоги финалида "Атлетик" Бильбаони 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бош совринни қўлга киритди. Бу Рональд Куманнинг жамоадаги илк соврини бўлиш билан бирга, кетиш кайфиятида юрган Мессини "Камп Ноу"да қолишга ундовчи "сигнал" бўлди.
"Барcелона" чемпионликка ҳам тайёрми?
“Эл-класико”да имконият бой берилгач, “Барса” “Атлетик”га қарши бўладиган кубок финалида ҳам жиддий қийинчиликка дуч келиши мумкин, деган тахминлар бор эди. Чунки айнан бильбаоликлар сўнгги пайтда “кўк-анор ранглилар”ни совринларсиз қолдираётган эди. Шуларнинг охиргиси Испания Суперкубоги доирасида содир бўлган. Шу сабабли, Севильядаги ўйин ҳақиқий жангга айланиши кутилганди. Боз устига бу кубок “Атлетик” учун жорий мавсумда қўлга киритиш мумкин бўлган сўнгги соврин эди. Басклар “Барса” ҳужумига бир соат чидай олди, шундан сўнг иккинчи бўлим ўрталарига келиб, каталонияликлар бирин-кетин голлар кирита бошлади. Мессининг дубли, Гризманн ва Френки де Йонгнинг голлари “Барселона”нинг 4:0 ҳисобидаги йирик ғалабасини таъминлади.
Каталония клубининг ушба ғалабасидан сўнг Ла Лигада чемпионлик кураши янада қизғин бўлишини исботлади. Боиси, “Реал” таркибида бир қатор жиддий йўқотишлар мавжуд, айниқса ҳимоя чизиғида. “Атлетико” эса чемпионатнинг сўнгги 9 та ўйинида бор йўғи 3 тасида ғалаба қайд этди холос. Диего Симеоне жамоаси катта тезликда очко йўқотиб бормоқда. Кеча бўлиб ўтган кубок финали яна бир бор кўрсатдики, “Барселона” ўртамиёна клублар билан ўйинларда ортиқча қийинчиликка дуч келмайди. Бу сўнгги ўйинларда ҳам ўз аксини топган. Жумладан, “Реал Сосьедад” 6:1, “Уэска” 4:1 ва “Севилья” 3:0 ҳисобида таслим этилди. Қисқа қилиб айтганда, “Барса” Ла Лига ғолиблиги учун асосий даъвогар ҳисобланади. Кубок финалида “Атлетик”га (4:0) қарши бўлиб ўтган ўйин буни яна бир бор тасдиқлади.
Месси энди соқолсиз
Финал олдидан аксарият футболчилар соқол олишмайди, аммо Месси "Атлетик" билан жангга соқолини олган ҳолда тушди. Айтиш керакки, Лео соқолсиз анча ёшроқ кўринади. У кеча худди 17 ёшидаги каби соқолсиз ўйнайди. Испания кубоги финали юқоридаги фактнинг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини исботлади. Месси ушбу учрашувда дубль қайд этди. Шу тариқа, у Испания кубоги финалларида киритган голлари сонини 9 тага етказиб олди. Бу эса ушбу мусобақа рекорди ҳисобланади. Месси бу борада афсонавий Тельма Саррани ортда қолдиришга эришди. Бундан ташқари, Месси Испания кубоги финалида 4 дақиқа ичида 2 та гол урди. Бу натижани сўнгги бор яна ўша Тельма Сарра 1950 йилда қайд этган эди.
Кеча қўлга киритилган Испания кубоги Мессининг фаолиятидаги 35-соврин бўлди. У сўнгги икки йилдан буён бу қадар хурсанд бўлмаганди. Месси кубокни кўтариб, майдонда худди болаларча юрарди, аммо у жамоадошлари учун тирик афсона. Ўйиндан сўнг, Месси билан кубок олдида бирга суратга тушиш учун “Барса” футболчиларининг навбатда тургани ушбу фактнинг яна бир тасдиғи бўлди.
33 ёшли аргентиналик футболчининг “Барселона”даги тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Бироқ кечаги титул Мессини жамоада қолишга ундаган бўлса не ажаб.
Фикрлар