Кураньи Панама терма жамоаси сафида ЖЧ-2018га келмоқчи
Ads

Германия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Кевин Кураньи келгуси йил Россия яшил майдонлари мезбонлик қиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этишни орзу қилмоқда. Футболчилик фаолияти давомида бирор марта ҳам мундиалларда иштирок этмаган футболчи ушбу орзусига бошқа йўл билан етишмоқчи.

Bild нашрининг маълум қилишича 35 ёшли футболчи ЖЧ-2018га Панама терма жамоаси билан бирга ташриф буюрмоқчи. Айтиш лозимки, Панама фуқаролигига ҳам эга бўлган Кураньи терма жамоага ҳар қандай усулда ёрдам беришга тайёр.

“Мен Панама терма жамоасининг кўпчилик футболчилари билан танишман ва уларнинг аксарияти менинг дўстларим. Шу боис, ушбу терма жамоага жаҳон чемпионатида ёрдам бермоқчиман. Эҳтимол, бу имкониятга эга бўларман”, - дейди Кураньи.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2018 мусобақалари келгуси йил 14 июндан 15 июлгача Россия Федерациясининг 12та шаҳрида бўлиб ўтади.