Кураш бўйича Ал-Ҳаким Ат-Термизий халқаро турнири олдидан матбуот анжумани ташкил этилди
9-12 апрель кунлари Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида кураш бўйича Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XV халқаро турнир ташкил этилади. Унда дунёнинг 30га яқин давлатидан 105 нафар иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Шундан 75 нафари спортчилар бўлиб, уларнинг 15 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар бермоқда.
Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида кураш бўйича Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XV халқаро турнирнинг ташкилий масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби, Ташкилий қўмита аъзоси Ойбек Касимов, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Уйғун Умаров, шунингдек хорижлик меҳмонлардан Бангладеш ёшлар ва спорт вазилиги котиби Соҳил Аҳмад, Руминия делегацияси раҳбари, халқаро тоиадаги ҳакам, жаноб Наим Белгин, Озарбайжон делегацияси раҳбари Мобил Хусейнов ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
“Кураш бўйича ташкил этиладиган мазкур халқаро мусобақага тайёргарлик ишлари юқори даражада олиб борилмоқда. Юртимизга ташриф буюраётган курашчилар ва меҳмонлар учун барча шароитлар яратилган. Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон кураш федерацияси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилот ва идорлар ҳамкорликда мусобақани юксак савияда ташкил этиш учун барча чораларни кўришмоқда. Шунингдек, мусобақа жараёнларини бевосита турнир ўтказиладиган «Алпомиш» стадионидан ёритиб бориши учун ОАВ ходимларига ҳам барча зарур шароитлар яратиб берилади. Беллашувлар ўтказиладиган «Алпомиш» стадионида ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, спортчилар ва кураш ихлосмандларига барча қулайликлар яратилмоқда”, - деди Равшан Эрматов.
Маълумот учун, 1993 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган мазкур турнирда кўплаб номдор полвонлар иштирок этишган. 15-бор ташкил этилаётган анъанавий халқаро турнирда эркаклар -60, -66, -73, -81, -90 кг ҳамда мутлақ, аёллар эса -48, -57, -63, -70, +70 кг. вазн тоифаларида ўзаро беллашади.
Эслатиб ўтамиз, Ал-Ҳаким Ат-Термизий халқаро турнирининг умумий мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этиб, ҳар бир вазн тоифасида ғолибларга 3 000, 2-ўринни қўлга киритган спортчиларга 2 000 ҳамда иккита 3-ўрин соҳибларига 1 000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари топширилади.
Мутлақ вазнда ғолиб бўлган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10 000 АҚШ долларига сазовор бўлади. 2-ўрин соҳиби 5 000 доллар, иккита 3-ўрин соҳиблари 3 500 доллардан, жами 22 000 доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланишади. Мутлақ вазн тоифасида чорак финалда мағлубиятга учраган 4 нафар курашчининг ҳар бирига 2 000 доллардан жами 8 000 доллар пул мукофоти таъсис этилган.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари учун ташкилотчилар томонидан турли сайёҳлик турлари ҳам уюштириладики, бу юртимизда спорт ва зиёрат туризмини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.
Фикрлар