Ламин Ямал: "Динни масхара қилиш — ҳурматсизлик ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат"

Испания ва Миср терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувидан (0:0) кейин Ламин Ямал стадиондаги ҳақоратли чақириқлар юзасидан муносабат билдирди.

Барселонада ўтган баҳснинг тахминан 20-дақиқасида мухлисларнинг бир қисми "Ким сакрамаса, у мусулмон" деб ҳайқира бошлаган. "RCDE Стэдиум"даги айрим томошабинлар эса бу чақириққа мос тарзда сакрашган.

"Мен мусулмонман, алҳамдулиллаҳ.

Кеча стадионда “Ким сакрамаса, у мусулмон” деган чақириқлар янгради. Биламан, бу гаплар рақиб жамоага қаратилган ва менга шахсан тегишли эмасди. Аммо мусулмон сифатида бу мен учун барибир ҳурматсизлик ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат бўлиб қолади.

Барча мухлислар бундай эмаслигини тушунаман, аммо шундай чақириқларни айтаётганларга мурожаат қилмоқчиман: стадионда динни ҳазил ёки масхара воситасига айлантириш сизларни жоҳил ва ирқчи инсонлар сифатида кўрсатади. Футболда завқ олиш ва жамоани қўллаб-қувватлаш керак, одамларни кимлиги ёки нимага ишониши учун ҳурматсизлик қилиш эмас.

Шунга қарамай, бизга далда бериш учун келган барчага раҳмат, жаҳон чемпионатида кўришгунча", — деб ёзди "Барселона" ва Испания терма жамоаси вингери.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!