Лапорта бу сафар ҳам эплолмадими ёхуд Мессини ортга қайтариш "операцияси" қандай кечмоқда?
Лионель Месси ПСЖни эркин агент сифатида тарк этди. У Париж жамоаси билан чиройли хайрлашиб, фаолиятини бошқа ерда давом эттиришга қарор қилган. Аргентиналик ҳужумчини олдида бир талай вариантлар мавжуд. Мессининг ўрнида бошқа футболчи бўлганида, балки аллақачон ўзига жамоа танлаб қўйган ҳам бўларди. Аслини олганда, Лео бир қарорга келган, лекин бошқаларга рад жавобини бермади. Шундай экан, режалар кутилмаганда ўзгариб кетиши мумкин. Биз эса сўнгги янгиликлар ва миш-мишларга таянган ҳолда, Мессининг "Барса"га қайтиш имконини кўриб чиқамиз.
Сўнгги икки кун ичида Аргентина ва Испания инсайдерлари ёки нашрлари бутун бир кунини Месси ҳақда хабар бериш билан ўтказиб юбормоқда. Унинг атрофидаги воқеалар шу қадар тез ўзгармоқдаки, бир неча соат ичида ҳаммаси ҳал бўладигандек гўё. "Барса" Ла Лига билан Лионельни рўйхатдан ўтиши борасида музокаралар ўтказди. Баъзи манбалар келишувга эришилган, клуб Мессига таклиф билан чиқса бўлди, дея хабар тарқатмоқда. Аммо каталонияликларни кимдир тарк этишига тўғри келади. Бу асосан вингер бўлиши мумкин. Қисқа қилиб айтганди, Месси жамоани августгача кутиши керак. Тез орада "кўк-анорранглилар" 36 ёшли футболчига таклиф билан чиқади, лекин Ла Лига рўйхатидан ўтишига кафолат бермайди. Шундай экан, бу трансфер амалга ошиш эҳтимоли пасайиб бораётганини "Барса"нинг ўзи ҳам сезиб бормоқда. Ла Лига маошни яна 250 миллион еврога пасайишини истамоқда. Бундан олдин айнан шу нарсани деб, Альба, Бускетс, Пике ва Гризманнлар клубни тарк этганди. Аммо барибир бу Мессини қайтиши учун етарли бўлмаяпти. Таклифга келадиган бўлсак, "Барса" ҳужумчига 1 йилга мўлжалланган шартнома таклиф қилади. Шунингдек, ҳужжатда келишувни яна бир йилга узайтириш имкони ҳам бор. "Барселона"нинг позицияси деярли аниқ. Испан гранди Мессини ўз таркибига қўшиб олиши учун вақт керак. Агарда Лео кута олса, собиқ жамоасига қайтади, бўлмаса бошқа клубга ўтиши керак.
Мессининг отаси сўнгги 48 соат ичида ҳаммаси ҳал бўлишини айтганди. 24 соат ўтди. Уларнинг ихтиёрида яна шунча вақт қолди. Демак, тез орада яна миш-мишлар кўпаяди. Айни дамга келиб, Мессининг "Интер Маями" футболчиси бўлиш варианти кўп янграмоқда. Аргентина манбалари Америкага кетиш имконияти жуда баландлигини айтмоқда. Унинг турмуш ўртоғи Антонеллага бу ёққан. Аммо Лео ва Хорхе Саудия Арабистонига йўл олишни кўриб чиқмоқда. "Ал-Ҳилол"нинг рақиблари кучайиб бормоқда. Яқиндагина Бензема трансферини эълон қилган "Ал-Иттиҳод" Кантени ҳам ўз таркибига қўшиб олишга яқин турибди. Шундай экан, энди ҳаракатни кучайтирмаса бўлмайди. "Ал-Ҳилол"нинг таклифи аниқ. Мессининг йиллик маоши 600 миллион евро атрофида бўлади ва икки йиллик фаолияти орқали 1 миллиард евродан кўпроқ ишлаб олиш имконига эга. Бундан ташқари, тижорий ҳамкорлик ҳам бор. Аргентиналик юлдуз ПСЖни тарк этганидан кейин, унга Европанинг бошқа клубларидан ҳам қизиқишлар бўлмоқда. Ҳаттоки Англиядан хам таклифлар бор. Аммо ҳали инглизлар ҳаракатни бошлагани йўқ.
Мессининг қайтиш-қайтмаслиги ўзига боғлиқ. Хоҳласа августгача кутиб, "Барса"га, хоҳласа бугун-эртанинг ўзида "Ал-Ҳилол"га ўтиши мумкин. Аммо у Каталонияга қайтишни хоҳлаган тақдирда ҳам, Ла Лига бу трансферга тақиқ қўйиши ҳам мумкин. Шундай экан, у таваккал қилиши керак. Кейинги соатларда вазият ўзгариб кетмаса, Мессининг "Барса"га келиш эҳтимоли жуда паст.
Фикрлар