Легионер ҳужумчимизнинг келажаги мавҳум бўлиб қолди!
Хориж чемпионатларида тўп тепаётган футболчиларимиз орасида энг яхши натижани Бобур Абдухолиқов қайд этиб бормоқда.
25 ёшли футболчимиз “Беларусь” чемпионатининг жорий мавсумида 25 та гол уриб, тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қиляпти, шунингдек, яна олти маротаба ассистентлик қилиб, гол+пас тизимида 31 очко билан чемпионатнинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.
Кўплаб мухлису мутахассислар назарига тушган легионеримиз фаолиятини қаерда давом эттириши ҳаммани қизиқтираётган масалалардан бири ҳисобланади. Беларусь футболини ёритаётган журналист Николай Ходасевич бу масалага эътибор қаратди.
- Бобур Абдухолиқов навбатдаги турда яна иккита гол урди. Авсумдан бошидан бери рақиблар дарвозасини 25 маротаба ишғол қилди. Бу кўрсаткич бизни 2001 йил сари етаклади. Ўшанда охирги маротаба шундай натижани нишонлаган эдик. Россиялик легионер Сергей Давидов Гроднонинг “Нёман” клубида 25 та гол урган.
Юқори самарадорликдан кейин дарров бир савол туғилади: Абдухолиқовни олдинда нималар кутяпти?
Ҳозир Бобур 25 ёшда. 25 та гол ургани зўр натижа ва олдинда яна иккита ўйин бор, яна тўп киритиш имконияти юқори.
Бобурни нималар кутмоқда? У қаерга боради?
Таъкидлаш жоизки, тўпурарнинг келажаги анча мавҳум. Бу масаланинг ечими у танлайдиган клубга, жамоанинг мақсадларига, мураббийлар штабига боғлиқ.
Борадиган клуби унга “Энергетик-БГУ” каби ўзининг кучли томонларини намоён эта оладиган ўйин моделини қуриб берадими?
Агар шунчаки, таркибни тўлдириш учун олинадиган бўлса захирада қолиб кетиши ва бунинг оқибатида тўпурарлик қобилиятини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас. Балки “талабалар” сафида Еврокубокларда иштирок этишни маъқул кўрар?!
Лекин ҳозирча ҳамма нарса мавҳум бўлиб турибди. Табиийки, Абдухолиқовнинг бу ўйини “Энергетик-БГУ” ғазнасига маълум миқдорда даромад келтиради. Муҳими, Бобур бу клубда қанча гол ургани ва жамоа унинг голлари ёрдамида неча очко ишлаб олганини инобатга олишдир, - дейди Николай Ходасевич.
Бобур Абдухолиқовнинг минскликлар билан шартномаси шу йилнинг 31 декабригача давом этади. Аввал ҳамюртимизга Россия, Туркия, Шотландия, Польша ва Осиёнинг бир нечта мамлакатлари жамоаларидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.
Бобур Абдухолиқов қандай йўл танлашини вақт кўрсатади.
Шомуродовнинг устози йилнинг энг зўр мураббийи бўлишга даъвогар!
"Барселона" юлдузи Римга келяпти. Бунақада Шомуродовга умуман “нон” қолмайди!
Фикрлар