Легионеримиз премьер-лиганинг 52 футболчиси қаторидан жой олди
Қозоғистонлик журналистлар премьер-лиганинг дастлабки тури якунланганидан сўнг, мамлакат чемпионатида дебют қилган футболчилар сонини санаб чиқди.
УЕФА таркибига кирувчи Қозоғистон чемпионатининг юқори дивизионида жами 14 та жамоа ғолиблик учун куч синашмоқда. Сертификация комиссиясининг қарорига кўра, “Актобе”, “Жетису” ва “Шахтер” жамоаларидан уч очкодан олиб ташлангани ҳам қизиқ ҳолат.
Умуман олганда, янги мавсумда премьер-лигада 52 нафар янги футболчи дебют қилди. Шулардан ўн икки нафари маҳаллий футболчилардир.
Қолган қирқ нафар дебютант яқин ва узоқ хориждан келган легионерлар экан. Улар орасида ҳамюртимиз Игорь Сергеев ҳам бор. “Пахтакор” тўпурарларидан бўлган ҳужумчимиз “Актобе” шарафини ҳимоя қилиб, сафида “Каспий”га қарши ўтказилган биринчи учрашувда фаол ҳаракатлари билан эътиборга тушди.
“Актобе” жамоаси иккинчи тур учрашувини ўз майдонида “Тобол”га қарши ўтказади. Ушбу баҳс 20 март кунига белгиланган.
Фикрлар