Легионеримиз яхши жамоадан кетди!
Қозоғистон Премьер-лигасида юқори ўринлар учун курашаётган “Астана” клуби мавсум бошида ўз таркибига ўзбекистонлик иқтидорли ўйинчи Асилбек Абдурасуловни қўшиб олган эди.
18 ёшли ҳужумкор футболчимиз қўшни мамлакат чемпионатида тўп тепишга муваффақ бўлди. Бироқ унинг легионер сифатидаги фаолияти жуда эрта тугади.
Аслида Асилбек Абдурасулов “Бунёдкор” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Қанот ҳужумчиси позицияда ўйнайдиган Асилбек жорий йилнинг февраль ойида “Ғазалкент” сафига қўшилган эди.
Бу жамоа иқтидорли ўйинчини апрель ойида “Астана” клубига мавсум охиригача ижарага жўнатди. Абдурасулов пойтахт жамоаси таркибида жами етти ўйин ўтказди, шулардан бештаси Қозоғистон Премьер-лигаси доирасида бўлди. Аммо бу вақт мобайнида у гол ёки голли пас билан ажралиб турмади.
Томонлар ижара шартномасини муддатидан аввал тўхтатди. “Астана” клуби матбуот хизмати ўзбекистонлик легионер жамоа билан хайрлашганини расман маълум қилди.
- Клубимиз сафида ўтказган вақти учун Асилбекка миннатдорлик билдирамиз ва унинг кейинги фаолиятида омад тилаймиз, - дейилади “Астана” расмий баёнотида.
Маълумот учун, Қозоғистон Премьер-лигасининг 13-туридан сўнг Григорий Бабаян бошқарувидаги “Астана” 22 очко жамғарган ва турнир жадвалида ҳозирча тўртинчи поғонада бормоқда.
Таъкидлаш жоизки, айни пайтда Қозоғистон чемпионатида яна икки нафар ўзбек легионери тўп тепмоқда. Апрель ойида Асилбек Абдурасулов билан пайтда 23 ёшли Бектемир Абдуманнонов эса Самарқанднинг “Динамо” жамоасидан “Окжетпес”га ижарага ўтди.
Бектемир Тошкентнинг “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Ўзбекистон чемпионатида 93 та ўйин ўтказиб, 14 та гол урган ва 19 та голли узатма берган. “Андижон” таркибида Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлган.
Бектемир “Окжетпес”нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. У Премьер-лигада ўнта учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйди.
Бу мавсум юқори ўринлар учун курашаётган “Окжетпес” яқинда ўз сафига яна бир ўзбекистонлик футболчи Шаҳбоз Умаровни қўшиб олди ва 27 ёшли футболчимиз янги жамоасида дебют ҳам қилиб улгурди.
Умаровни қозоғистонлик мухлислар яхши танийди. У ўз вақтида “Ордабаси” жамоасида ўйнаб, мамлакат чемпиони бўлган ва икки марта Қозоғистон кубогини қўлга киритган Бундан ташқари, “Тобол” ва “Турон” каби клубларда ҳам фаолият юритган.
Ўзбекистон мана шу футболчилар сабаб ютқазди!
"Манчестер Сити" Ўзбекистон дебютига қандай муносабат билдирди?
Ўзбекистон — Колумбия учрашуви ҳақида беш қизиқарли факт
Ҳусанов ҳатто майдон марказидан голлар урган!

Фикрлар