Ўзбекистон — Колумбия учрашуви ҳақида беш қизиқарли факт
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги илк ўйинига — Колумбияга қарши баҳсга ҳозирлик кўрмоқда. Бу беллашув бошланишидан олдиноқ тарихий воқеага айланди.
ЖЧ-2026 доирасидаги Ўзбекистон – Колумбия учрашуви ҳақида беш қизиқарли факт:
1. Тамошабинлар сони бўйича мутлақ рекорд
Ушбу ўйинга қизиқиш ташкилотчилар кутганидан анча ошди. Ўзбекистон – Колумбия баҳси учун 74 725 та чипта сотилган. Ҳозирча ушбу кўрсаткич бўйича бу учрашув мусобақанинг дастлабки босқичида энг оммабоп ўйин сифатида қайд этилди, ҳатто бир қатор машҳур грандлар иштирокидаги беллашувларни ҳам ортда қолдирди.
2. Марказий Осиёдан тарихдаги илк ва ягона иштирокчи
Жорий мундиал Марказий Осиё футболи учун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олган Марказий Осиё тарихидаги илк жамоа сифатида катта ютуққа эришди.
3. Бош мураббий — Олтин тўп» соҳиби
«Оқ бўрилар»ни мусобақага жаҳон чемпионатларида ғалаба нима эканини яхши биладиган мутахассис бошлаб киритади. Турнир олдидан терма жамоага афсонавий италиялик ҳимоячи, жаҳон чемпиони ва «Олтин тўп» соҳиби Фабио Каннаваро бош мураббий этиб тайинланди. Унинг катта турнирлардаги тажрибаси дебютант жамоа учун асосий устунликлардан бири сифатида кўрилмоқда.
4. Тўлиқ «оқ саҳифа»дан бошланадиган тарих
Мехикода бўлиб ўтадиган ушбу беллашув яна бир жиҳати билан ўзига хос: Ўзбекистон ва Колумбия термалари ҳозирга қадар майдонда бирор марта тўқнаш келмаган. На расмий мусобақалар, на ўртоқлик учрашувларида бу жамоалар ўзаро ўйнаб кўрмаган.
5. «Ацтека» — Колумбия учун ноқулай стадион
Мехикодаги машҳур «Ацтека» аренаси колумбияликлар учун тарихан омадсиз маскан ҳисобланади. Улар бу ерда ҳеч қачон расмий мезбонлар — Мексика терма жамоасини мағлуб этолмаган. Энди эса айнан шу стадионда, номига меҳмон сифатида, жаҳон чемпионати дебютанти — Ўзбекистонга қарши мусобақани бошлашларига тўғри келади.
Гуруҳ «К» доирасидаги Ўзбекистон – Колумбия учрашуви бугун Мехико шаҳридаги афсонавий «Ацтека» стадионида (Мексика) старт олади. Гуруҳдаги илк ўйинда Португалия ва ДР Конго 1:1 ҳисобида дуранг ўйнагани боис, Мехикодаги беллашув ғолиби Мундиаль бошидаёқ гуруҳда пешқадамликни қўлга киритиш имконига эга бўлади.
Ўзбекистон мана шу футболчилар сабаб ютқазди!
Легионеримиз яхши жамоадан кетди!
Ҳусанов ҳатто майдон марказидан голлар урган!
"Манчестер Сити" Ўзбекистон дебютига қандай муносабат билдирди?

Фикрлар