"Легионеримизни "Динамо" билан шартнома имзолаганини матбуотдан билдим, бизни клубда катта пул тўлаш имконияти йўқ" - Ислом Аҳмедов нималарни режалаштиряпти?

Тажрибали мутахассис Ислом Аҳмедов Қирғизистонда “Абдиш-Ата” клубига бош мураббийлик қилган ҳолда жамоани чемпионликка етаклай олди. ОФК Кубогида эса гуруҳ босқичидан муваффақиятли чиқди ва курашни давом эттиришмоқда.

Ислом Аҳмедов ўзига билдирилган ишончни оқлаяпти. Куни кеча бизнинг мураббий қўл остида тўп сурган ганалик ҳужумчи Самарқанднинг “Динамо” жамоасига кўчиб ўтди. Sports.uz журналисти Аҳмедов билан боғланди.

- Ислом ака, янги мавсумга жамоангизни тайёргарлик режаси қандай?

- Тайёргарлик дастуримиз қуръа ташлаш жараёнига тақалади. Клуб директоримиз Лутфуллаев Малайзияга жўнаб кетди. У ерда ОФК Кубогининг кейинги босқичи учун қуръа ташланади. Рақибимизни билиб оламиз. Қачон ва қаерда ўйнашимизга қараб тайёргарликни бошлаймиз. Ҳозирча йигитлар индивидуал шуғулланишяпти, уларга топшириқ берганман. Осиё Кубоги учун Қирғизистон терма жамоасига биздан 10 та футболчи кетган.

IMG_20231226_232251_899

- Жамоангизда ўйнаган ганалик ҳужумчи Эммануэль Ягрни “Динамо” ўз сафига қўшиб олганини эълон қилди. Уни кетиши сиз учун кутилмаган янгилик бўлдими?

- Биз кеча у билан гаплашдик. Раҳбарият уни чақирди. 5 ноябрь куни охирги ўйинни ўтказганимиздан кейин Ягр биз билан шартнома имзолаганди. Аммо у бизга кетиши ҳақида ҳеч нима демаган. Футболчини кетганини матбуотда ўқиб билдим. Билишимча, “Динамо” билан шартнома тузган, регистрациядан ўтган. ОФК Кубоги гуруҳ босқичи ўйинларидан кейин унга Вьетнам клубидан яхши таклиф келганди. Бу ўйинчини жамоамизда қолдириш ниятимиз бор эди. Лекин вазият шунақа бўлиб қолди. Бир нарса дейиш жуда қийин. Афсуски, Ягр “Абдиш-Ата”дан кетадиган бўлди. Мен у билан гаплашганимда кейинги учрашувларда биз билан бўлиб туришини, кейин бемалол кетиши мумкинлигини айтгандим. Нимага деганда, Ягр жамоавий ўйинга яхши киришиб, майдонда фаол ўйнаётганди. Бироқ “Динамо” билан шартнома имзолагани биз учун катта сюрприз бўлиб қолди. Жамоамиз билан шартномаси 31 декабрда тугарди. Бу вазиятга юридик томондан қараш керак бўлади. Бироқ унга босим ўтказиб қолдириш – бу нотўғри. Унда энди янги шартнома бор. “Абдиш-Ата” таркибида ОФК Кубогида ўйнаб кўзга кўринди. Кўп клублар уни ўз сафига олишни хоҳлагандилар. Бу нормал ҳолат, мен уни тушунишим мумкин. Бироқ бизга айтмасдан бошқаси билан шартнома тузиш – бу нотўғри.  

IMG_20231226_232324_758

- Янги мавсумда жамоангиз сафини кучайтириш йўлида ўзбек футболчиларининг хизматидан фойдаланиш режангиз борми? Масалан, кимларни кўз остингизга олиб қўйдингиз?

-  Шуҳратбек, ҳозир кимнидир таклиф қилиш ниятимиз йўқ. 5 ноябрда чемпионатимиз тугаганди. Фақат ОФК Кубогида иккита ўйинимиз қолганди. Ўшанда ФИФА кунлари муносабати билан 10-11 нафар ўйинчимиз терма жамоага кетганди. Икки ҳафта давомида қирғизистонлик бизга керак бўлган ўйинчиларни чақирдик. Ўйинимизга мослашиши мумкин бўлган йигитларнинг ўйинларини кўрдик. Ҳозирча Ягр кетса, ҳужум чизиғида муаммо бўлиб қолади. Аммо бу позицияда маҳаллий футболчилар бор. Биз нимага четдан кўп ўйинчиларни олмаймиз? Сабаби, “Абдиш-Ата” ўйнаётган ўйинда футболчиларда бирлик, ҳамжиҳатлик бўлмаса, бу ўйин ўхшамайди. Қирғизистонда ҳам шу савияда ўйнайдиган болалар бор. Ўзимизга керакли йигитларни кўрдик ва танлаб олдик. Уларни кўриб чиқдик ва бизнинг услубда ўйнай оладиганларини қолдирдик. Агар ҳужум чизиғида Ягр қолганида яхши бўларди, истеъдодли йигит эди. Аммо бу чизиққа иккита маҳаллий футболчи бор. Бундан ташқари, яхши ўйинчи – бу қиммат ўйинчи. Бизни клубда катта пул тўлаш имконияти йўқ. Бу ҳам сабаблардан бири.

- “Мурас Юнайтед”га Андрей Канчельскис бош мураббий этиб тайинланди. Бунга муносабатингиз қандай? Унинг келиши қирғиз футболига қандайдир эффект берадими?

- Канчельскис тўғрисида бир нарса дейиш қийин. Мен уни ўйинчи сифатида биламан. Мураббий томонидан ишини кўрмаганман. Эсимда бор, “Навбаҳор”да ишлаганида ҳаммаси нима билан тугаганини биламиз. У қанақа мураббий, фалсафаси қанақа, мен билмайман. Лекин катта ном! Таниқли инсон. Қанақа ишлашини вақт кўрсатади.

IMG_20231226_232307_617

- Осиё Кубоги бошланишига оз қоляпти. Ўзбекистон терма жамоамизнинг имкониятини қандай баҳолайсиз? Қолаверса, Қирғизистон бу турнирда нимага қодир?

- Терма жамоамиз имкониятини катта баҳолайман. Ўйлайманки, Япония, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон терма жамоалари Кубокни ютишга жиддий ҳаракат қиладилар. Чунки миллий терма жамоамизни ҳозирги авлоди кучли. Тез фикрлашади. Ўзбекистон терма жамоаси шунақа ўйин кўрсатяпти. Қирғизистон терма жамоаси ҳақида гап кетганда, бу ерда ҳам иқтидорли футболчилар кўп. Бунга ўзим ҳайрон бўлдим. Нимагаки, у ерда иш бошлаганимдан сўнг чемпионат ўйинларида рақиб жамоаларни ҳам кўрдим. Ҳар бир жамоада 3-4 тадан истеъдодли футболчилари бор. Терма жамоада энг яхши ўйинчилар йиғилган. Кўп нарса мураббийга боғлиқ.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!