"Легионерлар келса Ўзбекистоннинг имконияти анча ошади, Суперлигага қайтиш вазифаси деярли ҳал қилинган" - Виктор Кумиков яна қозоқ матбуотининг эътиборида!
16 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон терма жамоалари иштирокидаги узоқ кутилган ўртоқлик учрашувининг ташкил қилиниши иккала мамлакат ОАВ томонидан ижобий қарши олиняпти ва ҳозирданоқ катта эътибор бериляпти.
Сайтимиз ўқувчилари яхши билишадики, мазкур ўйин ўтказилиши расман тасдиқланиши олдидан Қозоғистон терма жамоаси устози Sports.uz учун интервью бериб ушбу учрашув масаласи кўтарилаётгани ва мазкур беллашув ташкил этилишини ижобий баҳолаганди.
Чемпионатимизда ишлаётган мураббийлар орасида “Андижон”га устозлик қилаётган россиялик Виктор Кумиков қозоғистонликлар учун жуда яхши таниш. У қўшни юрт чемпионатида анча вақт муваффақиятли ишлаганини мухлислар билишса керак. Айниқса, Қарандағанинг “Шахтёр” клубидаги фаолияти анча ёрқин кўриниш олганди. Натижада Кумиков Қозоғистонда йил мураббий ҳам бўлган.
Хуллас, қозоқдаги ҳамкасбларимиз икки терма жамоа ўртасида ўйин ташкил этилишини эшитишгани заҳоти Виктор Балютович билан алоқага чиқдилар. Vesti.kz ҳамда Sports.kz мухбирлари “Андижон” бош мураббийининг фиклари билан қизиқишди.
Кумиковнинг Vesti.kz нашрига айтган фикрларини сайтимиз орқали эътиборингизга ҳавола қилгандик. Sports.kz эса Виктор Балютович билан янада кенгроқ мавзуда суҳбатлашди.
- Виктор Балютович, ўтган йили “Андижон”да ишлашга яна қайтгандингиз. Аммо ҳозирда бу клуб яхши даврни бошдан ўтказмасдан Ўзбекистон чемпионатида иккинчи дивизион мақомида саналадиган про лигада ўйнамоқда. Бир йилдан ортиқроқ вақт давомида клубдаги ишни яхши йўлга қўйишга муваффақ бўлдингизми?
- Ҳа, ишларимиз анча яхши. Ҳозирда биз мусобақа жадвалида 1-ўринни эгаллаб турибмиз ва Суперлигага қайтиш вазифаси деярли ҳал қилинган.
- Умуман олганда, Ўзбекистон про лигасининг савиясини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Савия Қозоғистоннинг биринчи лигаси билан деярли бир хил. Эҳтимол, анча яхшироқдир. Чунки бу ерда фарм-клублар, иккинчи жамоалар ва ўсмирлар жамоалари йўқ.
- “Андижон” таркибида ўз вақтида “Жетису” ва “Актобе”да тўп сурган Бобур Давлатов ўйнамоқда. Айтинг-чи, қозоғистонлик футболчилар билан бошқарувингиздаги жамоани кучайтиришни истармидингиз ёки айни пайтда бу ишни амалга оширишнинг иложи йўқми?
- Бизда легионерлар масаласида чеклов бор бўлиб, бир пайтда уч нафар легионер майдонга тушиши мумкин. Айтишим керакки, бу легионерлардан кўнглим тўқ.
- Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари 2007 йилдан бери илк маротаба ўртоқлик мақомидаги учрашувда яна дуч келишади. Нима деб ўйлайсиз, бўлажак учрашув қизиқарли кечадими?
- Ўйиннинг қизиқарли кечишига ишончим комил, бу аниқ. Айтишим жоизки, ўша пайтларда Ўзбекистон терма жамоаси анча кучлироқ эди. Ҳозир кучлар деярли тенг. Лекин энг асосийси, ушбу терма жамоалар ўртасидаги беллашувлар доим қизиқарли ва принципиал руҳда кечган.
- Умуман олганда, икки давлат терма жамоалари ўртасидаги муносабат нега олдингига нисбатан анча суст кўриниш олган? Бунинг асосий сабаби нимада?
- Вақт ўтгани билан ўртадаги алоқалар анча сусайиб кетгани рост. Бу борада гапингизда жон бор, сиз ҳақсиз. Назаримда, Қозоғистон терма жамоасига Европа ва бошқа давлатларнинг терма жамоалари билан учрашиш анча қизиқарли бўлса керак. Бор гап шунда.
- Сизнинг фикрингизча, Тошкентда бўлиб ўтадиган бўлажак учрашув маҳаллий ишқибозлар ўртасида ажиотаж уйғотиши мумкинми?
- Ишончим комил, Тошкентдаги учрашув мухлислар билан лиммо-лим тўлиши аниқ. Яъни, бўлажак ўйин уларда катта қизиқиш уйғотади.
- Сизнинг нуқтаи-назарингизда ўзбек терма жамоаси ҳозирда қай даражада кучли?
- Бу масалада кўп нарса ўйинга четдаги легионерларнинг келиши ёки келмаслиги билан боғлиқ. Агар легионерларнинг ҳаммаси келадиган бўлса, Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинда ғалаба қозониш имконияти анча ошади. Бунга аминман.
- Қозоғистон терма жамоаси иштирокидаги охирги учрашувларни кузатдингизми? Унинг УЕФА Миллатлар Лигаси гуруҳ босқичидаги муваффақияти борасида нима дея оласиз?
- Бир вақтлар ўзим Қозоғистон терма жамоасида ишлаганим учун унинг иштирокидаги ўйинларни кузатиб келаман. Ҳа, Қозоғистон УЕФА Миллатлар Лигасининг гуруҳ босқичини анча муваффақиятли ўтказди. Аммо бунга жуда юқори баҳо бериш керак эмас. Ҳаммаси саралаш учрашувларида ойдинлашади.
- ЕВРО-2024 саралаш босқичи учун ташланган қуръа натижаларидан хабарингиз борми? Сизнингча, Қозоғистон терма жамоаси жой олган ўз гуруҳидан финал босқичига тўғридан-тўғри йўл олиши мумкинми ёки бу ишни плей-офф орқали амалга оширадими? Нима деб ўйлайсиз?
- Дания бошқа рақибларга нисбатан анча кучлироқ, қолганлари билан эса бемалол беллашса бўлади. Назаримда, УЕФА Миллатлар Лигаси орқали Европа чемпионати финал босқичига йўл олиш анча қийин бўлса керак. Нима бўлган тақдирда ҳам Қозоғистон термасига омад ёр бўлишини тилайман!
“Андижон” бош мураббийи қозоғистонлик журналистларнинг нишонига тушганининг сабабини юқорида келтириб ўтдик, бу тушунарли ҳолат. Ўз навбатида мутахассиснинг ўзида ҳам мавжуд вазият ва эътибордан келиб чиқиб, бўлажак беллашувга қизиқиш янада ортяпти. Кумиков билан гаплашганимизда чиндан ҳам Қозоғистоннинг иккита нашридан унга алоқага чиққанини ва суҳбатлашганини таъкидлади. Қолаверса, мураббийнинг “Андижон” билан про лигада пешқадамлиги ва натижалар анча яхшилангани ҳам қўшни юртдаги журналистларнинг эътиборини тортмасдан қолмаган.
Шунингдек, Кумиков Қозоғистоннинг амалдаги бош мураббийи Магомед Адиевни яхши билади ва ўз навбатида ҳамкасби ҳам “Андижон” устози ҳақида кўп эшитган. Умуман айтганда, Ўзбекистон – Қозоғистон терма жамоалари ўртасидаги баҳсга Кумиков ҳам бефарқ эмаслиги кўриниб турибди.
Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи: "Ўзбекистон муносиб рақиб, бу ўйин биз учун ҳам қизиқарли"
Фикрлар