Лерон Мёрфи оғзидаги ошни олдирди, Мовсар Евлоевдан эса камбек!

  • 22.03.2026 20:53
  • Javohir Malikov
  • 0
  • MMA

Англия пойтахтида ташкил этилган UFC оқшоми кўз ёш-ла хотима топди.

Мазкур кечада маҳаллий спортчи Лерон Мёрфи оғзидаги ошни олдириб, мухлисларини қайғуга солди. Мовсар фаворит сифатида октагонга қадам босган тўқнашувида дастлаб, ихлосмандларининг ичида васваса уйғотди, бироқ якунда камбек амалга ошириб, адреналинни чўққига олиб чиқди.

Россиялик UFC даги барча ғалабаларини ҳакамлар қарори билан қўлга киритганди. Букрини гўр тўғирлайди, дейди эскиларимиз. Бу сафар ҳам уч ҳакамнинг иккиси Евлоевга устунликни берди. Бу эса унинг карьерасига "мағлубият" деб аталмиш доғ тушишидан сақлаб қолди.

Аслида, бугунга қадар ингилизда ҳам бундай доғ йўқ эди. 18 та жангининг 17 таси ғалаба билан тугаган, 1 тасида эса дурранг натижа қайд этганди. Аммо бу серия ўн тўққизинчи бор октагонга чиққанида барҳам топди.

Аслида икки мағлубиятсиз спортчи ўртасидаги тўқнашувни титул баҳсида томоша қилиш қизиқроқ эди, лекин бу дивизион бироз тартибсиз. Чемпион – Александр Волкановски, даъвогар эса икки марта кетма-кет Диего Лопез бўлди. Дана Уайт, шубҳасиз, камар жанги қизиқроқ ўтишини истаябди. Шу боис бразилияликка икки бор имкон бергандир. Бироқ бугунги қаҳрамонларимизнинг услуби ҳақида ундай деёлмаймиз.

Мовсарнинг қўл ва оёқ билан кучсиз зарбалари ила очко тўплаши, кейин рақибни партерга олиб ўтиб, жангни тўлиқ назорат қилишига ўрганиб қолдик.

Лерон эса "стойка" да ҳужум-ҳимоя усули билан очколар йиғар, баъзан ҳакамлар қарори билан, баъзан ноодатий зарбалари ила нокаутларни кўрсатиб турарди.

Ушбу қарама-қаршилик олдидан кўпчилик мутахассислар Мовсарнинг тейкдаун ва партердаги назоратни қориштириб, масалани ўз фойдасига ҳал қилишини кутганди. Якунда ҳам мазкур кутилмалар ўзини оқлади, аммо Евлоевнинг дастлабки икки раундда тейкдаун амалга оширмагани ҳаммани ҳайрон қолдирди. Таниқли ММА устлари экранларга келадиган ижтимоий тармоқ постларида "20-18 Лерон фойдасига", деб туришганди.

Лекин учдан бешгача ҳар бир раундда россиялик ўз стилига қайтиб, камбэк қилди ва адреналинни чўққига олиб чиқди. 

Эҳтимол, кейинги баҳсда Мовсар амалдаги чемпион Волкановскига қарши октагонга чиқади, Мёрфи эса Оқ Уйда жанг қиладиган Лопезнинг тикланиш давридан ўтиб олишини кутиб туради.

Азизбек ҒОЗИЙ тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!