Левандовскисиз Польша бош мураббийсиз Нидерландияга қарши (превью)
Жорий йилдаги футбол қолганларидан фарқ қилаётгани ҳақида жуда кўп айтдик. Шундай бўлмаганда, Польша салкам “Олтин тўп” соҳибини Миллатлар Лигасига чақирмасмиди?! У ҳозирда янги мавсум олдидан дам оляпти. Учрашув қанчалик муҳим бўлмасин, Роберт оғир мавсумдан сўнг, ҳордиқ чиқаришга ҳақли. Аммо Левандовскисиз ҳам польяклар у қадар заиф эмас. Рақибда бош мураббий йўқлиги билан ҳисоб тенг!
Умуман, Миллатлар Лигаси кичик экспериментни амалга ошириб берса яхши бўларди. Кеча Германия ва Испания ўртасидаги учрашув қанчалик қизиқарли ўтганига қарамай, мухлислар барибир етишмади. УЕФА Суперкубоги учун беллашувга 30 фоизгача мухлисларга рухсат берилди. Нега энди Миллатлар Лигасига 10 фоизга бўлса ҳам, томошабинлар киритилмади. Бу янги мавсум олдидан кичик миқёсдаги синов бўлар эди. Тўғри, одамлар ҳаёти билан таваккал қилиб бўлмайди. Бироқ, турли мамлакатлар чемпионатларида аллақачон маълум миқдорда мухлислар иштироки кузатилмоқда. Томошабинларнинг бўлиши айниқса, терма жамоалар ўртасидаги беллашувларда керак бўлади.
Нидерландия
Амалдаги финалчилар ушбу масвумда мусобақа ғолиблигини мақсад қилганди. Қиш ва баҳордаги гапларга кўра, Куман "ЕВРО-2020"дан сўнггина терма жамоадан кетиши мумкинлигини эълон қилди. Аммо қитъа биринчилиги кейинги йилга қолдирилиши унинг кетиш муддатини узайтира олмади. Голландларнинг толеъйини қарангки, “Барса”нинг муваффақиятсизликлари айнан шу пайтга тўғри келиб қолди. Юрагидаги энг катта орзулардан бири каталонияликларни бошқариш бўлган Рональд учун бундан қулайроқ фурсат бўлмаслиги мумкин. Хавининг ўзини тайёрлашига қараганда, “Барса”да катта эрани бошламоқчига ўхшайди. Унгача эса голланд мутахассиси футболчилик йилларидагидек яхши натижалар билан “блаугранас” мухлисларини хушнуд этиб туриши мумкин.
“Лолалар юрти” вакиллари ушбу мусобақага барибир жиддий тайёргарлик кўрган. Уларнинг қайдномаси оптимал ҳолатда. Вақтинча мураббийлик вазифасини бажариб турган Дуайт Лодевегес ушбу хавфли ҳолатда таваккал қилишни маъқул кўрмади.
Тахминий таркиб: Силлесен, Дамфрис, Тете, Де Врей, Ван Дейк, Де Йонг, Вейналдум, Стротман, Бабель, Промес, Депай.
Польша
Польша бирмунча оғир гуруҳга тушиб қолди. Италия ҳамда Нидерландия ҳақида гапириб ўтириш шарт эмас, Босния ва Герцеговина ҳам турган битгани бош оғриқ бўлиши мумкин. Левандовскисиз қатнашган тақдирда эса, гуруҳ аутсайдерига айланиб қолади. Аслида, Робертда ҳам етакчилик қобилияти у қадар катта эмас. У соф 9-рақам. Айниқса, терма жамоада у комбинацияларга янада камроқ қўшилади. Шундан келиб чиқсак, барчаси мураббийга боғлиқ бўлиб қолади. Унинг ихтиёрида “кўҳна қитъа” даражасида ўртача, деб ҳисобланадиган таркиб мавжуд. Албатта, кичик-кичик номлар бор. Ушбу футболчилардан яхши бир жамоа ташкиллаштириш Ежи Бженчекнинг ўз қўлида.
Тахминий таркиб: Шчесни, Беднарек, Бережински, Глик, Рибус, Гросицки, Криховяк, Линетти, Зелински, Кадзиор, Милик.
Мураббийлар
Дуайт Лодевегес: “Мен машғулотларда йигитларнинг ғалабага чанқоқлигини кўрмоқдаман. Ҳар бири ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга уринмоқда. Қайдномамизда дебютант ва ветеран футболчилар бор. Мен Де Врейнинг ўрнига бошқани туширишни ўйламаяпман. Бу борада ҳаммаси жойида бўлишига умид қиламан.
Ежи Бженчек: “Футбол бу жамоавий ўйин ва натижа бутун таркибнинг қандай суръатда ишлашига боғлиқ. Нидерландияга қарши ҳар қандай хато кечирилмайди”.
Хулоса ўрнида
Миллатлар Лигаси А гуруҳи бизга янги мавсумда ҳам катта учрашувларни ваъда қилмоқда. Мана шундай ўйинлардан бири бизни олдинда кутиб турибди. Аммо тан олиб айтиш лозимки, “учар голландлар” бугун фаворит. Улардан ишончли ғалаба кутишимиз ҳам ўринли. Чунки, юқорида айтганимдек, таркиб ўта жиддий тузилган.
Мураббийларнинг гаплари ҳам фикримиз исботи бўлмоқда. Лодевегес жароҳат хавфи остидаги Де Врейни ҳам майдонга туширмоқчи. Унга ортиқча таваккал керак эмас. Вақтинча бош мураббий қилиб тайинланганини унутмаган. Бженчек эса шогирдларининг хато қилишидан чўчиётганини кўрсатди. Бунинг устига жуда қисқа гапирди. Албатта, польякларнинг қандайдир режаси борлиги аниқ. Аммо шу қопқондан қутилиб қолган тақдирда, “лолалар юрти” вакиллари учун “очиқ эшиклар” куни бошланиб кетиши мумкин.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар