«Ливерпул» афсонаси клубни яна бир ҳужумкор яримҳимоячи сотиб олишга чақирди
«Ливерпул» собиқ ярим ҳимоячиси Рэй Хоутоннинг фикрича, жамоага яна бир ҳужумкор, креатив ярим ҳимоячи етишмаяпти. Унинг таъкидлашича, мерсисайдликлар майдон марказида рақобатчилардан ортда қолмоқда. Айниқса, «Манчестер Юнайтед»даги Бруну Фернандеш, «Челси»да тўп сурётган Коул Палмер ва «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Райан Шерки ўйини бу борада яққол кўзга ташланмоқда.
2025 йил ёзида «Байер»дан 116 миллион фунт эвазига олиб келинган Флориан Виртц ҳозирча кутилаётган даражада ўйин намойиш қила олмаяпти. Ўтган мавсумда немис футболчиси 7 та гол уриб, 7 та голли узатма берган бўлса, янги мавсумда ҳозирча фақат битта ассист билан чекланмоқда.
«Жамоада икки нафар “ўнинчи рақам” бўлиши керак. Бизда тўртта марказий ярим ҳимоячи, тўртта қанот ҳужумчиси, икки форвард бор, лекин икки нафар “ўнинчи рақам” йўқ., — дея таъкидлади Хоутон интервьюсида.
Вазиятни Мохамед Салахнинг кетиши янада оғирлаштирди. Тўққиз мавсум давомида жамоа шарафини ҳимоя қилган ва 257 та гол урган мисрлик ҳужумчи клубни эркин агент сифатида тарк этди. Ҳужумчи Уго Экитике эса ҳозирча жароҳатидан тикланиш билан банд.
«Ливерпул» 2026/27 йилги мавсумнинг дастлабки турларида мағлубиятсиз серияни сақлаб турибди. Шу билан бирга, клуб афсонаси ҳисобланган Рэй Хоутоннинг фикрича, таркибни кучайтиришсиз жамоага Англия премьер-лигасининг етакчи клублари билан тенг рақобат олиб бориш қийин бўлади.

Фикрлар