“Ливерпуль” 5 йилда 26 та учрашув ўтказган дарвозабонни мақтаб-мақтаб хайрлашди
Англия Премьер-лигаси вакили “Ливерпуль” дарвозабон Адриан клубни тарк этганини расман эълон қилди.
- Адриан “Ливерпуль”ни тарк этмоқда. “Энфилд”да ўтказган беш йил давомида у клубнинг муваффақиятларига катта ҳисса қўшди.
Жамоадаги дўстлари ва клуб ходимлари орасида муҳим шахс сифатида танилган Адрианга клубдагиларнинг энг яхши тилакларини изҳор этамиз. Ҳаммаси учун раҳмат, - деб ёзди клуб матбуот хизмати.
Адриан “Бетис” жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. Испания чемпионатида бир неча йил ўйнаган посбон 2013 йили Англия Премьер-лигасига кўчиб ўтиб, “Вест Хэм”дан қўним топганди. 2019 йили Адриан эркин агент мақомида “Ливерпуль”га кўчиб ўтди.
Беш йил давомида испаниялик голкипер “Ливерпуль” сафида жами 26 маротаба майдонга тушди, 36 та тўп ўтказиб юборди ва еттита учрашувда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Якунланган мавсумда мураббийлар штаби бирор маротаба 37 ёшли дарвозабон хизматидан фойдаланмади.
Фикрлар