
“Ливерпуль” рекорд трансферга қўл урмоқда
“Ливерпуль” ёзги трансферлар ойнаси олдидан “Ньюкасл Юнайтед” ҳужумчиси Александр Исаак билан боғланди.
Арне Слот ҳужум чизиғини айнан швед футболчиси ёрдамида кучайтирмоқчи. Ливерпулликлар Исаакни олиш учун Британия футболида янги рекорд бўладиган даражада маблағ тикишга тайёр.
Машҳур инсайдер Фабрицио Романони тарқатган маълумотларга кўра, “Ливерпуль” швед футболчисини жамоага қўшиб олиш йўлида 150 миллион евро сарфлашни режалаштирган.
Агар битим амалга ошса, бу кўрсаткич 2023 йилда “Челси” томонидан Моисес Кайседо учун “Брайтон”га тўланган 115 миллион фунтлик трансферни ортда қолдиради.
Ҳозирда “Ливерпуль” юлдуз футболчилари — Муҳаммад Салоҳ ва Виржил ван Дейк билан янги икки йиллик шартнома имзолаган. Бу ҳолатлар ҳам Исаакни “Энфилд”га ўтишига туртки бўлиши мумкин.
Аммо ҳозирча муносабатлар расмий тус олгани йўқ. “Ньюкасл” эса Чемпионлар лигасига йўлланма олиш учун курашмоқда ва 25 ёшли Исаак бош мураббий Эдди Ҳау билан ишлашни давом эттиряпти.
Исаак жорий мавсумда 36 учрашувда 24 та гол ва 6 та голли узатмага муаллифлик қилди. Бу кўрсаткичлар “Ливерпуль” ҳужумчиси Дарвин Нуньесникидан анча устун. Уругвайлик футболчи 42 ўйинда атиги 7 гол ва 5 ассист қайд этган.
Фикрлар