"Ливерпуль" ва "Барселона"да ўйнаган футболчи фаолиятини якунлади

Аргентиналик ҳимоячи Хавьер Маскерано фаолиятини якунлаганини маълум қилди. "Ливерпуль" ва "Барселона" сафидаги ажойиб ўйинлари билан мухлислар қалбидан жой олган футболчи айни пайтда "Эстудиантес" шарафини ҳимоя қилиб келаётганди. Бироқ у кутилмаганда бутсаларини михга илиш пайти келганини айтиб ўтди:

"Мен фаолиятимни шу нуқтада якунлашим керак, деб ҳисоблайман. Сўнгги ойларда мен билан содир бўлган воқеалар шуни кўрсатди. Шахсий масалалардаги муаммоларимнинг ечими ҳам айни шу лаҳзада фаолиятимни тўхтатишдир. 

Мен ўз касбимни буткул тарк этмоқдаман ва футболга ўзим бера оладиган барчасини бағишлаб улгурдим. Ҳозирги ҳолатим билан давом этишим футболга ва "Эстудиантес"га нисбатан ҳурматсизлик бўларди. Уларга оғир пайтда ёрдам қўлини чўзганликлари учун ташаккур айтаман. Мен билан энг сўнгги паллада бирга бўлгани учун улардан миннатдорман", - деди 36 ёшли футболчи. 

Хавьер Маскерано 17 йиллик фаолияти давомида терма жамоа ва клуб миқёсида 23 та титул ютишга эришди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!