“Ливерпуль” юлдузи учун мавсум тугади
Япония терма жамоаси бош мураббийи Хадзимэ Мориясу ярим ҳимоячи Ватару Эндо операция ўтказганини ва бу мавсумда “Ливерпуль” сафида бошқа ўйнамаслигини маълум қилди.
Эндо 11 февраль куни “Ливерпуль” сафида “Сандерленд” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонилган ўйинда тўпиғидан жароҳат олган эди. “Ливерпуль” бош мураббийи Арне Слот шикаст жиддий эканини тан олган, аммо футболчи мавсум охиригача майдонга қайтишидан умидвор эканини билдирган эди.
Афсуски, 33 ёшли Эндо учун жорий мавсум тугади. Шунга қарамай, футболчи ёзда бўладиган жаҳон чемпионатигача соғлиғини тиклаб, терма жамоасига ёрдам бериши мумкинлиги айтилмоқда.
- У операция қилинганини ва ҳаммаси яхши ўтганини эшитдим, аммо тафсилотларни билмайман.
Эндонинг режаси — жаҳон чемпионатига тайёр бўлиш, шунинг учун ҳозир операциядан кейинги тикланиш жараёни кўриб чиқилмоқда.
Жаҳон чемпионатида ўйнаши учун унинг ўзи, клуб ва барчамиз бир фикрда бўлишимиз керак, - деди Мориясу Nikkan Sports нашри журналистларига.
Фикрлар