Лобановский айтган башорат ўзини оқлашга тушдими? Ёки Ўзбекистон - Гана ўйини мутахассис нигоҳида

Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси Наманганда Гана термасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйинни кўпчилик кўрди ва ҳар кимда турлича таассуротлар қолдирди. Лекин бу Ганани асосий жамоаси эмаслигини ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак.

АГМК клуби бош директори ва миллий терма жамоамизнинг собиқ футболчиси Мухтор Қурбонов sports.uz мухбирига терма жамоамизнинг Ганага қарши ўйинини атрофлича муҳокама қилган ҳолда ўзининг қарашларини билдирди.

- Ўйиндан олдин матбуот анжуманини кўрдим, фикрларни эшитдим, - дея гап бошлади Қурбонов. - Бу Гананинг қайси жамоаси деган гаплар ҳам бўлди. “Б”ми, “С”ми, қайси бири бўлишидан қатъий назар Вадим Абрамов барибир бу Гана терма жамоаси эканини айтди. Ўйин ҳам турлича кечди. Қайсидир дақиқаларда вазиятлар ўзгариб турди. Дастлабки 12 дақиқани кўриб 3-4 та гол урамиз, бемалол ютамиз, деган ўйлар пайдо бўлди. 12-дақиқадан кейин ўйин тенглашишни бошлади. Менда шундай фикр пайдо бўлдики, бу Гананинг қайси жамоаси бўлмасин, футболчилари тактик томондан яхши тайёрланган. Дарвозабондан ҳужумчигача ҳаммаси квадрат асосида ўйнашга ҳаракат қилишди. Ҳар бир позициядаги футболчилар ўзининг миссиясини бажаришяптики, тактикага катта эътибор қаратишди. Мураббийлари томонидан ҳам ўйинчиларига ҳимояланганда ёки ҳужум қилганда қайси футболчи қаерда бўлиши аниқ кўрсатилгани билиниб турибди.

Терма жамоамизга қарайдиган бўлсак, индивидуал салоҳият кўзга ташланиб турди. БААда тўп сураётган Отабек Шукуров ҳам ҳимояда ва ҳужумда тактик томондан қандай ўйнашни билади. Футболчиларимизнинг салоҳияти, нималарга қодирлигидан келиб чиқиб ўйин ташкил қилинди. Балки дастлабки 12 дақиқа ичида яратилган имкониятлардан фойдаланиб ҳисоб 2:0 ёки 3:0 бўлганида янада бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Кейин Гана ўйин суръатини пасайтирди. Рақибда ўткир ҳужумлар бўлди, дея олмайман. Лекин улар ўйин ритмига қараб ҳаракатланишди. Нафақат футболда, балки жамоавий спорт турларида ритм деган тушунча бўлади. Боя айтдим, бизда индивидуал жиҳатдан яхши ўйнайдиган футболчиларимиз кўп. Лекин тактика устида кўпроқ ишлашимиз керак. Ўйин темпини ўзимиз хоҳлагандек йўлга қўйишимиз устида албатта ишлашимиз лозим. Бу ўйин мен учун шуни кўрсатиб қўйди.

узб гана3

Гананинг ушбу таркибидан бирорта ўйинчисини танимайман. 20 йил олдин Қозоғистон клуби билан Туркия йиғинига борганимизда Словакия жамоаси билан ўйнаганмиз. Учрашувдан аввал рақибнинг машғулоти, хулқ-атворларини кўриб 4-5 та гол урамиз, деган ўйлар билан майдонга тушдик. Лекин тўпни қаерга оширсак, ўша ерда албатта рақиб ўйинчилари бўларди. Тактик томондан барча ҳудудларни ёпиб қўйишган. Хуллас, ўша учрашувда 2:1 ҳисобида ютқазганмиз. Ганани кўриб ўша ўйин эсимга тушиб кетди. Гана терма жамоаси яққол техник хатолари эвазига ютқазди. Тўпни тўхтатиш, у билан ҳаракатланишда камчиликларга йўл қўйишди. Лекин ўйин ҳолатини ҳис қилиш бўйича ганаликлар бўш келишмади.

узб гана1

Бу ўйиндан нима олдик? Ганадан техника тарафдан нимадир ўрганмадик. Албатта, терма жамоамиз бу учрашувни таҳлил қилиб чиқади. Лекин Гана жамоаси учрашув бошидан охиригача ўйин ритмига мослаша олишини кўрсатиб қўйди. Биз ҳам бунга катта эътибор қаратишимиз лозим. 25 йил олдин “Динамо” Киев “Реал” билан ўйнагандан кейин Валерий Лобановский мана кўрасизлар, вақти келиб, футболда 10 киши ҳимояда, 10 киши ҳужумда ўйнайди, деган гапни гапирган. Мен ҳам бу гапнинг моҳиятини энди тушуниб етяпман. Футболда ўйинчиларнинг позициясига қараб ҳимоячи, ярим ҳимоячи ва ҳужумчи, дейиляпти. Аммо майдондаги барча футболчилар ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек ўйнай олишни билиши керак.

Бизнинг жамоаларимиз ҳам шунга интилишлари керак. Футболчиларимиз индивидуал жиҳатдан маҳоратли. Ганага қарши учрашувда Анзур Исмоилов билан Азим Аҳмедов марказий ҳимоячи сифатида ўйнади. Улар ҳужумга бормайди. Борганда ҳам фақат стандарт вазиятлар пайтида кўришимиз мумкин. Европа футболини кўрсак, марказий ҳимоячилар ҳам тўп билан яхши ҳаракатланиб ҳатто ҳужумда пайдо бўлиб қолишлари ҳам мумкин. Мен ҳали қанот ҳимоячилари ҳақида гапирмаяпман. Мураббий ўйиндан олдин қайси вазиятда нима бўлишини билмайди. У фақат тактик томондан ҳимояланиш ва ҳужум қилиш тўғрисида гапиради. Бироқ ўйин вазиятлардан иборат бўлгани боис қайсидир ҳолатда футболчи қаерда бўлиб қолишини ҳеч бир мураббий айта олмайди. Бугунги футболда қанот ёки марказий ҳимоячиси ҳам ҳужумда пайдо бўлиб қолиши мумкин. Агар ҳимоячи олдинга ўтиб кетса, унинг ўрнини ярим ҳимоячи тўлдириши даркор. Хуллас, шахсий фикрим бўйича замонавий футболда 10 киши ҳимояда ва ҳужумда бирдек ўйнаши керак. Буни мен эмас, юқорида айтганимдек, бир неча йил олдин Лобановский футбол шунга қараб кетяпти, деб айтиб кетган.

узб гана2

Ўйин шуни кўрсатдики, Гана кўп жиҳатдан пастроқ. Аммо ўйин структураси, схемаси бўйича аста-секин ўсишяпти. Ҳолбуки, футболчилари нотаниш. Шунга қарамай, ўйинни яхши ҳис қилиб, вазиятлардан келиб чиққан ҳолда керакли жойда пайдо бўлишяпти. 29 март куни Тошкентда Ироқ билан ўйнаймиз. Кўрдик, “Навбаҳор” стадионида мухлислар яхши муҳитни яратишди. Бу жиҳатни ҳам четда қолдириб кетмаслигимиз лозим. 29 март кунги учрашувда “Бунёдкор” стадиони ҳам ишқибозлар билан тўлиб, қайноқ муҳитни ярата олсак, бу футболимиз ўсишига ҳам хизмат қилади. Ўз фикрим бўйича Намангандаги учрашувда тактика томондан икки хил жамоани кўрдим. Шуни алоҳида айтиш керак, бугунги футболда биринчи ўринда тактика туради. Мураббий тактикасига мос футболчиларни жалб қилиши ҳам муҳим саналади. Фақат уларни жой-жойига қўя олиш керак. Жамоалар ўртасидаги тактикада тафовутни кўрдим. Жамоамиз мисолида ҳали мақтагулик иш бўлмади. Терма жамоамиз ўзи истагандек 12 дақиқа ўйнади. Ўша вақт ичида голли вазиятлар яратдик, яхши ўйин бўлди. Кейин у ёғи тактикавий ўйин кечди. Иккинчи голда рақиб хатоси ва Машариповнинг маҳорати бўлди. Яъни, рақиб бизга “совға” қилди. Футболда тез қарор чиқариш қобилияти ҳам жуда керак, - деди Мухтор Қурбонов. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
28/03/2021 01:10
Вадим Абрамов Бунёдкорни секин тарк этиб, бу йоғига бор эътиборини МТЖ учун қаратса нур устига аъло нур бўлар эди. Муҳим паллалар бош жамоамиз учун яқинлашиб келаяпти. Икита кемага осилиб олган одамдек ўртага сувга ғарқ бўлиб чўкаб ўлмасин диеймизда.
&
Турсун Ғани
28/03/2021 01:04
Мухтор тоғо яшанг ҳақ гапларни айтибсиз. Қани эди МТЖ ўша кунги 12 дақиқалик ўйинини қолган барча ўйинларда мунтазам равишда ошириб бориб 90 дақиқагача чиқара олса. Жуда зўр мухлисларни жалб қила оладиган ўйин бўларди жамоамиз ўйинлари. Лекин вазиятларни кўкка совуришни йиғиштириш керак. Вадим тогом ҳам Лабановиский такидлаганидек жамоамизни ўйната олса 10 киши баробарига ҳужум учун ва керак вақтда баробарига ҳимояга жуда зўр бўлар эди. Лекин бу ишни бажариш жуда мушкул. Абрамов уддаласа Даҳо бўлар эди.
Нарзуллаев Бафо
27/03/2021 18:52
Мухтор Курбоновнинг фикрларига,тула кушиламан..Лобановский командаларида..канот химоячилари худди хужумчи дек бемалол 1-2та уйинчина алдаб утиб дарвозага хавф солар эди..кейин уйин вактида факат бош тренер курсатмаси буйича уйнамай узи майдонда ,,ижод ,, килар эди..Хакикатан хамма уйинчилари истаган позицияда уйнай оларди..Уша учун хар бири узига хос юлдуз эди..