"Локомотив" бош мураббийи: Биз бугунги ғалабага лойиқ эдик
Бугун Coca Cola Суперлигасида 16-тур ўйинлари давом эттирилди. Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси сафарда "Бухоро"га қарши баҳс олиб борди ва 3:1 ҳисобида рақибдан устун келди. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида "темирйўлчилар" бош мураббийи Aндрей Микляев ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Ўйин осон ўтмади. Учрашувни яхши бошладик, учта гол уриб олдик. Кўринишидан биз ўйинни шундай тугатишимиз ҳам мумкин эди, лекин ўзимизга муаммо орттирдик. Биринчи бўлим якунида кўрсатилган қизил карточкадан кейин, иккинчи таймда бир неча ўзгаришлар қилган ҳолда ўйинни қайта қуришга ҳаракат қилдик. Шу сабабдан иккинчи таймда ҳимояда ўйнашга тўғри келди, вазиятлар яратишда бироз қийналдик. Футболчилар танаффусда берилган кўрсатмаларни бажаришди. Уч очко олганимиздан хурсандман. Биз бунга ўйин бобида ҳам лойиқ эдик.
Темурхўжа Aбдухолиқов бош ҳакамга кўп бора эътироз билдирди. Унинг характери бироз ўзгаргандек. Билмадим. Бу ўйиннинг босимига, ҳиссиётларнинг жиловланмаслигига ҳам боғлиқ. Ўйин давомида унга ҳам бу борада кўп гапирмаслиги кераклигини таъкидлаб турдик. Ҳиссиёт ҳаммада бор. Масалан, сариқ карточка берилган вазиятда рақиблар футболчиси Эргаш Исмоилов билан боғлиқ вазиятни ҳам мисол қилиб келтирса бўлади. Барчаси тушунарсиз. Ўйинда бундай вазиятлар бўлиб туради", - деди Микляев.
Фикрлар