"Локомотив" етакчисининг жароҳати қанчалик жиддий? - Клуб шифокори маълумот берди

"Машъал" - "Локомотив" баҳсида меҳмонлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиннинг 33-дақиқаси ўтиб бораётган бир пайтда хунук воқеа юз берди. "Локо" етакчиларидан бири Ғулом-Ҳайдар Гулямов тўп билан жарима майдончаси ичига кириб бораётганда, уни "Машъал" ҳимоячиси Самандар Шукуруллаев орқадан қўполлик билан тўхтатиб, бунинг оқибатида футболчига жиддий зарар етказди.

Ҳакам рақиб дарвозаси томон пенальти белгилаш билан бирга қўполлик ишлатган футболчига сариқ карточка кўрсатди. Гулямов эса оқсоқланганча майдонни шифокорлар ёрдамида тарк етишга мажбур бўлди. Унинг ўрнига захирадан Aзизбек Aмонов ўйинга қўшилди. "Локомотив" ПФК шифокори Aброр Пирриев футболчининг жароҳати қанчалик жиддийлиги ҳақида маълумот берди.

- Етказилган жароҳат сабаб, асосий таркиб футболчимиз Ғулом-Ҳайдар Гулямов узоқроқ муддатга сафдан чиқадиган бўлди, - деди Aброр Пирриев. - Бугунги текширув натижалари рақиб ўйинчисининг орқадан сакраб оёққа берган зарбаси сабаб, футболчимизнинг кичик болдир суяги ўрта қисмидан синганини кўрсатди. Бу эса яқин бир ойда футболчимизнинг майдонга туша олмаслигини англатади, - деди Аброр Пирриев.

Жамоанинг 21-рақамда ўйнайдиган футболчиси эндиликда вақтини даволаниш билан ўтказади. Шу ўринда Ғулом-Ҳайдарнинг тезроқ тузалиб сафга қайтишини тилаб қоламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!