Лондон дербиси: Барқарор Моуриньо жамоаси беқарор “Арсенал”га қарши (превью)
АПЛ жорий мавсуми аввалгиларидан ҳам кўпроқ кутилмаган натижаларга бой ўтяпти. Бир тур катта устунлик билан ғалаба қозонган жамоа келгуси ҳафта якунида кимнингдир ўлжасига айланади. Жорий мавсумнинг ушбу ўзига хослиги ҳақида бежизга гапирмаяпмиз. “Шпорлар” жорий мавсумда 21 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалининг биринчи поғонасида бормоқда. “Ливерпуль”да ҳам бир хилдаги очколар миқдори мавжуд. Ўтган мавсум ҳисобидан 2 та титул ютишга муваффақ бўлган Микель Артетанинг жорий йилдаги кўрсаткичлари ҳавас қиларли даражада эмасди.
“Тоттенхэм Хотспур” стадионида бўладиган беллашувга Англия ҳукумати 2000 тагача томошабинларнинг киришига рухсат бериши мумкин. Моуриньонинг ўз мағлубиятсиз сериясидан роҳатланишига мухлисларнинг қўллаб туриши яна ҳам ёрдам бериб юборган бўларди.
“Тоттенхэм”
“Манчестер Сити” ва “Челси”га қарши ўйинларда 4 очко тўплаган жамоа учун бу у қадар ёмон кўрсаткич эмас. Кетма-кет ўйинларда катта жамоаларга қарши ҳаракат қилиш толиқтириши аниқ. Буни Европа Лигаси доирасидаги ЛАСКга қарши ўтган ўйин ҳам исботлаб турибди.
1961 йилда сўнгги маротаба Англия тахтига чиққан жамоа учун узоқ кутилган чемпионлик онлари яқинга ўхшаяпти. Бунинг учун навбатда кутиб турган хавфли рақиблардан ҳам керакли очколарни ола билиш керак. Кейинги ҳафта яна бир “Лондон дербиси” кутиб турибди. “Кристал Пэлас” ҳеч бир рақибга ўз уйида осонлик билан 3 очкони тутқазиб қўймайди. Навбатда яна “Ливерпуль”, “Лестер” ва “Вулверхэмптон” каби рақиблар.
Қувонарли статистикалар ҳақида гапирадиган бўлсак, “шпорлар” жорий мавсумда ўз уйида ўтказган 5 та ўйинида 13 очко тўплашга эришган. Жамоа етакчиси Харри Кейн ҳам “Арсенал”га гол уришни яхши кўради: 12 та ўйинда 10 та гол.
Жамоа таркиби ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бир қатор етакчиларда соғлиқ билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Регилон, Винисиус, Алдервейрелд ва Кейннинг майдонга тушиши сўнгги дақиқаларгача сўроқ остида бўлиб турибди. Эрик Ламела эса бугун дербида кўриниш бермаслиги аниқ бўлиб улгурган.
“Squawka.com” нашри тақдим этган тахминий таркибда мезбонлар таркиби муаммосиз бўлиши кўрсатилган. Агар Жо Родоннинг мудофаа марказида ўйнаётганига ўрганиб қолганимизни инобатга олмасак…
“Арсенал”
“Лондон дербиси” мақомидаги 201-баҳс олдида турар эканмиз, устунлик “канонирлар” тарафида эканини кўрамиз. Ушбу беллашувларнинг 82 тасида “Арсенал”, 65 тасида эса “Тоттенхэм” ғалаба қозонган. Аммо бугунги натижаларга қарар эканмиз янада комил ишонч билан бу шунчаки тарих эканлигини айтамиз.
Жорий мавсумда Лигадаги ишлар на Артетани ва на мухлисларни қониқтирадиган даражада бўлиб турибди. Сўнгги 6 та ўйиннинг биттасидагина ғалаба қозонган “тўпчилар” бугун турнир жадвали етакчисига қарши ўйнайди. Ўтган турда “Вулверхэмптон”дан учралган мағлубият амалда анчайин ҳал қилувчи образда эди. Ушбу ўйинда ғалаба қозонган тақдирда, Артета шогирдлари марказий ўйинга бошқачароқ кайфиятда келган бўларди. Бугунги мағлубият уларни хавфли зонага қадар яқинлаштириб юборади. Демак, улар олдинга ташланишга мажбур. Бу уларнинг хатоларни кўпроқ амалга оширишига замин яратиб бериши мумкин.
Бу мавдаги натижадан ҳам ёмонроқ натижа 1981-1982 йилда рўй берганди, холос. Бугун ғалаба қозона олмаган тақдирда, бу АПЛда кетма-кет тўртинчи ғалабасиз ўйин бўлади. Ҳа, клуб раҳбарлари Артетадан тизимли равишда кучайиб боришни талаб қилишгандир. Аммо Чемпионшипда эмаслиги аниқ…
Артетанинг таваккал қилиб олдинга ташланишини кутиш бироз қийиндек кўринмоқда. У тактикани турли мураббийлардан ўрганиб, амалда татбиқ этаётган стратег инсон. Ўтган мавсумда грандларга қарши намойиш этган ўйинини такрорлай олган тақдирда “Тоттенхэм” анча қийин аҳволда қолиши аниқ.
Томас Парти (жароҳат) ва Николья Пепе (дисквалификация) ушбу учрашувни ўтказиб юборади. Давид Луиз ва Чэмберснинг майдонда кўриниш бериши сўроқ остида бўлиб турибди. Аммо Артетада ҳозирча захира имкониятлари етарли.
Мураббийлар
Жозе Моуриньо: “2000 га яқин мухлисларнинг майдонда бўлиши ҳам бизга улкан шодлик тақдим этади. Уларнинг қўллаб-қувватлаши остида дербида ўйнаш ёқимли.
Рақиб ҳолати ва бизнинг қайерда эканлигимизнинг аҳамияти йўқ. Ғалаба қозонишимиз лозим - тамом! “Арсенал” якунига етган мавсумда кубок баҳсларида қандай ишларни амалга оширганини ҳаммамиз кўрдик. Демакки, улар билан ҳазиллашиб бўлмайди.
Дербида жамоалар ҳолати, турнир жадвалидаги аҳвол, жароҳатлар ҳақида гапириб ўтириш ножоиз. Бу шунчаки, “Тоттенхэм” - “Арсенал баҳси!"
Микель Артета: “Биз мана шундай ўйинлар учун ҳам АПЛни яхши кўрамиз. Мендан қандай ўйинда майдонга тушиш ёқимли деб сўралса, “Шимолий Лондон дербиси”да деб айтган бўлардим.
Бу бошқача атмосфера, бу ўзгача ҳиссиётлар. Бошқа даражадаги беллашув бизни кутиб турибди. Ушбу қарама-қаршиликда ғалаба қозониш биз қатори мухлисларимиз учун ҳам улкан қувонч бахш этган бўларди. Бу қўлимиздан келади, деб ўйлайман”.
Хулоса ўрнида
Моуриньо ҳеч бир жамоаси билан “Арсенал”га қарши уй учрашувларини ҳеч қачон ютказмаган. Барчаси кутилганидек ўтадиган бўлса, юқоридаги статистиканинг йўққа чиқиш эҳтимоли жуда кам.
Мураббийлар эса бугунги кунгача бўлган натижаларни эслашни хоҳламаётганини юқорида кўрдингиз. Амалда ҳам бундай катта жамоалар тўқнашувида барча нарса майдоннинг ўзида ҳал бўлади. Тахмин сифатида айта оламизки, “Тоттенхэм”- фаворит. “Арсенал” 90 дақиқа ичида ўз имкониятларини кутишга мажбур.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар