Луис Энрике Браим Диас ҳақида: "У жиноятчи эмас, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак"
ПСЖ бош мураббийи Луис Энрике Африка миллатлар кубоги финалида пенальтидан фойдалана олмаган "Реал" ва Марокаш терма жамоаси ярим ҳимоячиси Браим Диас ҳақида фикр билдирди.
Финалда Марокаш терма жамоаси қўшимча вақтда Сенегалга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган 24-дақиқада Браим пенальтини марказга паненка услубида йўллади, аммо рақиблар дарвозабони Эдуар Менди тўпни ушлаб қолди. Ушбу зарбадан олдин пенальти белгиланиши билан боғлиқ узоқ тортишувлар кузатилди, ҳатто Сенегал жамоаси майдонни тарк этган эди.
"Бугун шу ҳолатни муҳокама қилдик. Ҳозир ҳамма Браим ҳақида гапиряпти. Лекин мен Зиданни эслайман. Зидан — футбол илоҳи. У ҳам жаҳон чемпионати финалида худди шундай иш қилган (2006 йил, Италияга қарши). Шунингдек, Серхио Рамосни ҳам эслайман, у муҳим ўйинда паненка зарбасини амалга оширган (Евро-2012 ярим финали, Португалияга қарши). Кўп футболчилар шундай қилади.
Агар сен шундай пенальтини тепсанг ва гол урсанг, ҳамма қарсак чалади, ҳеч ким гапирмайди. Агар омад келмаса, кўпчилик футболчи ҳақида салбий фикр қила бошлайди.
Браим — ажойиб футболчи. Мен уни яхши биламан. Уни терма жамоага таклиф қилганман. У юқори даражадаги ўйинчи ва ажойиб инсон. Бу ҳолат адолатсиз. Бунга кўникиш осон эмаслигини тушунаман. Бу спорт — унда ғалаба ҳам, мағлубият ҳам бўлади. Ҳеч қандай фожиа йўқ. Ютасанми ёки ютқазасанми — ҳаёт тўхтаб қолмайди. Энг муҳими — ёшларга қандай қадриятларни кўрсатаётганинг. У жиноятчи ҳам, ёвуз одам ҳам эмас. Унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак. Ҳозир бу — босимли пайт", — деди Луис Энрике.



Фикрлар