Мадридда йилнинг энг яхши спортчилари тақдирланди
2026 йил 20 апрель куни Испаниянинг Мадрид шаҳрида спорт оламининг энг нуфузли тадбирларидан бири — “Laureus” мукофотлари топширилди. Маросимда йил давомида энг юқори натижаларни қайд этган спортчилар ва жамоалар тақдирланди.
Кечанинг асосий мукофотлари теннис вакилларига насиб этди. Карлос Алькарас йилнинг энг яхши эркак спортчиси деб топилган бўлса, Арина Сабаленка аёллар ўртасида ушбу совринга лойиқ кўрилди. Ҳар икки спортчи ҳам ўтган мавсумдаги барқарор ўйинлари ва йирик турнирлардаги муваффақиятлари билан ажралиб турди.
Йилнинг энг яхши жамоаси соврини ПСЖ клубига топширилди. Парижликлар ўтган мавсумдаги натижалари билан халқаро майдонда катта эътирофга сазовор бўлди.
“Йил кашфиёти” мукофоти Ландо Норрисга берилди. У Формула-1'нинг 2025 йилги мавсумида жаҳон чемпионига айланди. “Йил камбэки” соврини эса голфчи Рори Маклройга насиб этди.
Ёш спортчилар орасида Ламин Ямал энг яхши деб топилди. Ногирон спортчилар йўналишида бразилиялик Габриэл Араухо ғолиб бўлди. Экстремал спортлар бўйича мукофот эса америкалик сноубордчи Хлойи Кимга топширилди.
Шунингдек, махсус “Sporting Inspiration” мукофоти германиялик собиқ футболчи Тони Кроос га берилди.
Фикрлар