Мағлубият қаттиқ зарба бўлди, ишқибозлар олдида қарздормиз ёхуд Даврон Ҳошимовга бир жиҳат ёқмади...

Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўз олдига чемпионлик вазифасини қўйди. Шунга яраша клубнинг шижоати ҳам, иштиёқи ҳам баланд эди. Аммо илк турда “Сўғдиёна”ни қабул қилган мезбонлар стадионга йиғилган минглаб жонкуяр мухлислари қаршисида уч очкони рақибига “совға” қилиб юборишди. Бу эса наманганликларни ранжитгани аниқ.

Лекин “Навбаҳор” футболчилари ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолдилар, десак муболаға бўлмаса керак. Чунки мағлубиятни ўзлари ҳам кутмаганди. Ахир ғалабадан бошқаси уларни қониқтирмасди. Аммо футболда шунақаси ҳам бўлиб туради. Эътиборлиси, жиззахликлар жимгина ўйинга тайёргарлик кўриб, ҳеч қандай ортиқча ваъдаларсиз Наманганга келиб, мезбонларни ютиб қайтди. Бунга шунчаки қойил қолиш керак. Бу албатта “Сўғдиёна” мураббийининг топқирлиги билан боғлиқ. Аммо таркиб бўйича қараганда, албатта “Навбаҳор” устун эди.

Майдонда ҳақиқий жангчи қиёфасида гавдаланадиган ҳимоячи Даврон Ҳошимовга ҳам ушбу мағлубият қаттиқ таъсир қилган кўринади. Футболчи sports.uz мухбири билан учрашувни таҳлил қилиш жараёнида бой берилган ўйинга муносабатини билдирди.

- “Сўғдиёна” билан ўйинга қаттиқ тайёргарлик кўргандик. Бу биз учун очилиш маросимидаги муҳим учрашув эди. Стадионга кўплаб мухлислар келишини ҳам билгандик. Афсуски, ишқибозларимизнинг ишончини оқлай олмадик. Футболда омад катта аҳамият касб этади. Ўша куни омадимиз келмади. Мураббийларимиз томонидан ҳужумкор тактика танланганди ва шунга асосан кўплаб ҳужумлар уюштирдик. Аммо яратилган имкониятлардан унумли фойдалана олмадик. Аксига олиб ўзимиз битта вазиятда гол ўтказиб юбордик. Бош мураббий томонидан руҳий тушкунликка тушиб қолмаслик учун кўрсатмалар берилди. Мавсум энди бошланди. Ҳали яхши ўйинларимиз билан мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Албатта, биринчи турда ўзимиз ҳам ютишни ва стадионга йиғилган ишқибозларни хурсанд қилишни жуда истагандик. Шунчалик бизни қўллаб-қувватлаганлари учун барчасига раҳмат айтаман.

Олдинда “Навбаҳор”ни “Сўғдиёна”данда жиддий рақиб кутиб турибди. Тошкентда “Локомотив”га қарши майдонга тушишади. Аксига олиб “темирйўлчилар” ҳам илк турда мағлуб бўлишди. Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам иккала жамоани ғалабани бошқа натижа қаноатлантирмайди. Даврон Ҳошимов эса “Навбаҳор”га “Локо”дан келиб қўшилган.

- “Локомотив” билан учрашувга жиддий тайёрланяпмиз ва сафардан ғалаба билан қайтишни ният қиляпмиз. Тўғри, мана шундай муҳим учрашувларда футболчиларнинг маҳоратлари ҳам билинади. “Локомотив” чемпионатимиздаги топ-жамоалардан бири. Бундай рақибга қарши икки-уч баробар катта иштиёқ билан майдонга тушиб ғалаба қозонишимиз керак. Энди ортга йўлимиз йўқ. Илк турда ютқазганимиз учун бу сафар уч очкони қайтаришга ҳаракат қиламиз, - дейди Ҳошимов.

даврон1_1

Якунига етган биринчи турда ё мезбонлар, ё меҳмонлар ғалаба қозонишганига гувоҳ бўлдик. Умуман дуранг натижа кузатилмади. Давронга илк турдаги кутилмаган натижа қайси ўйинда юз берди, дея сўраганимизда, жавоби қуйидагича бўлди.

- Менимча, биринчи турда энг кутилмаган натижа бизнинг ўйинда юз берди, деб ўйлайман. Қолган учрашувларда ҳаммаси жойида бўлди. Лекин чемпионат энди бошланганини унутмаслигимиз керак. 5 та тургача барча клублар бир хил ҳолатда бўлишади. Ана шундан кейин ким чемпионликка, ким лигада қолиш учун курашиши кўринади.

Давроннинг гапида жон бор. “Навбаҳор”нинг ғалабасини деярли барча кутганди. Лекин футболда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини ушбу ўйин яна бир бор кўрсатиб берди. Ҳошимовнинг сўзларидан англаш аёнки, бу мағлубият жамоага ўз таъсирини кўрсатган. Бунга футболчи яна қуйидагиларни қўшимча қилди.  

- Очилиш ўйинида ва ўз уйингдаги шунча мухлислар қаршисида бундай мағлубиятга учраш албатта жамоага қаттиқ таъсир қилди, деб ўйлайман. Ички муҳитга ҳам таъсири бўлди. Энди бизда бошқа йўл йўқ. “Локомотив” билан яхши ўйин кўрсатиб уч очкони қўлга киритсак, шундагина жамоамиз ўзига келади. Афсус, “Сўғдиёна”дан учралган мағлубият жамоамизга қаттиқ зарба бўлди. Агар меҳмонда ютқазганимизда ҳам бунчалик аламли бўлмасди. Чемпионлик учун курашаётган клубнинг ўз уйида мухлислари қаршисида ютқазиши барибир ўз таъсирини кўрсатади.

Мағлубиятга яраша футболчиларга нисбатан танқид тошлари отилди. Бу футболнинг бир қисми эканлигини биламиз. Лекин Давронга бу борада ёқмаган жиҳатлар ҳам бўлди.  

- Мағлубиятдан кейин мухлислар томонидан турли хил эътирозлар ва танқидлар бўлди. Айниқса, ҳақорат қилишгани қаттиқ таъсир қилди. Биз бу ерга айнан наманганлик мухлисларни ҳурмат қилганимиз учун келгандик. Улар ҳам бизни тўғри тушунишларини истардим. Чунки атайлаб ютқазганимиз йўқ. Ғалаба учун курашгандик. Мухлисларнинг эса шахсиятга тегадиган гаплари ёқимсиз бўлди, айнан менга. Олдимда бошқа вариантлар бўлишига қарамай, “Навбаҳор”ни танлаб келганман. Аммо ҳақоратларини эшитиш учун келмагандик. Айтмоқчиманки, ишқибозлар томонидан бўлган ҳақоратлар руҳий томондан таъсирини кўрсатди, - дея фикр билдирди, футболчи.

Яна бир гап: мавсум бошланишидан аввал ўтказилган клубнинг тақдимот маросимида “Навбаҳор” бош мураббийи Нўъмон Ҳасановнинг бу йил жамоаси “Барселона” бўлиши ҳақида айтган гаплари ўзига яраша реакция келтириб чиқарди. Гапнинг очиғи, 9 март куни иккита ўйин бир хил вақтда бошланди. АГМК – “Локомотив” ва “Навбаҳор” – “Сўғдиёна”. Камина айнан Намангандаги ўйинни кузатдим. Бунга сабаб Ҳасановнинг айтган сўзи бўлди. Чиндан ҳам “Навбаҳор” “Барселона” услубида ўйнармикин, деган саволга жавоб топиш эди. Балки мураббийнинг ўша баландпарвоздек туюлган гапи футболчиларга қўшимча босим юклаб қўйгандир? Бу масалада Даврон Ҳошимов муносабат билдирди.

даврон2

- Нўъмон Ҳасанов ўйин услубига мослаб футболчиларни йиғди. Туркиядаги йиғин давомида ҳам биздан шундай ўйин талаб қилди. Нўъмон ака хоҳлаган ўйин айнан учрашув давомида юз берадиган ҳолат. Бу бирданига бўлмайди. Ўйин услубини яхшилаб шакллантириш учун вақт керак бўлади. Тайёргарлигимиздан келиб чиқиб бош мураббий “Навбаҳор”ни “Барселона” услубида ўйнамоқчилиги ҳақида айтган.

Унинг гапи бизга босим ўтказмади. Қисқа паслар билан ўйнашга тайёргарлик кўргандик. Рақибнинг ҳимоясини ёриб ўтишни режа қилгандик. Кўрдингиз, биз қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. “Сўғдиёна”да голдан бошқа вазият бўлмаганди. Кеча ўша ўйинни таҳлил қилдик. Бошида таъкидлаганимиздек, жамоамиздан омад юз ўгирди. Кейинги ўйинларда Ҳасанов хоҳлаган услубда тўп суриб мухлисларимизни хурсанд қиламиз, деган умиддаман. Яна бир гап: биз ишқибозларимиз олдида қарздор бўлиб қолдик. Ўша қарзни тез орада қайтарамиз, - деб сўзини якунлади Даврон Ҳошимов.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Sari Magkolik
12/03/2021 22:35
Sen o'zingcha zo'r o'ynadik deb o'ylayapsanmi Davron,bekorlarni aytipsan. Sen urolmading eplab, so'g'diyona gol urdi va g'alabaga loyiq o'yin kursatdi,sen zur buganingda usha toshkent jamoalarida uynab yurarding haliyam